Пойтахтимизда спорт гимнастикаси бўйича ўтказилган Ўзбекистон кубоги мусобақаларида дунё спортида тарих яратган Оксана Чусовитинанинг иштирок этгани катта шов-шувга сабаб бўлиш билан бирга, ёш спортчиларга руҳий қувват бағишлади.
Саккиз марта Олимпия ўйинлари иштирокчиси, бир марта ғолибликка эришган, уч марта жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Чусовитинанинг мамлакат чемпионатидаги иштироки унинг ҳали ҳам юқори спорт формасида эканини кўрсатди.
Чусовитина таянч сакраш баҳсида рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва муносиб равишда олтин медални қўлга киритди.

Ушбу мусобақада ишончли ва техник жиҳатдан аниқ ўйин намойиш этган ёш спортчимиз Шаҳинабону Юсупова кумуш медалга сазовор бўлди.
Айтиш лозим, айнан Ш.Юсупова жорий йилнинг 19 октябрь куни Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бошланадиган 53-жаҳон чемпионатида яна бир маҳоратли спортчимиз Дилдора Орипова билан биргаликда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси катта мураббийи Людмила Ли ёш спортчиларимизнинг мамлакат кубогидаги чиқишлари уларнинг жаҳон чемпионатида дунёнинг етакчи гимнастикачилари билан муносиб баҳс юритиши учун катта имконият майдони бўлганини таъкидлади.
Бевосита Ўзбекистон кубоги натижаларига тўхталадиган бўлсак, Чусовитина сингари ўз йўналишларида Александра Шевченко, Солиҳа Турсунбоева, Одинахон Робиджонова, Милана Гайнулина, Жасмина Тошкенбекова сингари қизлар совринли ўринларни эгаллашди.
Т.Рўзиев,
ЎзА