Спорт: 15 минг нафарга яқин мураббий очиқ мулоқотда қатнашди
Спорт вазирлигида мамлакатимизнинг барча ҳудуд, туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 15 минг нафарга яқин мураббийлар ҳамда соҳа мутасаддилари иштирокида илк бор кенг қамровли очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Ўтказилган очиқ мулоқотда спорт соҳасининг бугунги ҳолати, мураббийларни қийнаётган муаммолар, уларнинг таклиф ва ташаббуслари ҳамда соҳани янада ривожлантиришга қаратилган янги вазифалар белгилаб олинди.
Мулоқот аввалида миллий терма жамоаларга муносиб спортчиларни етказиб бераётган ва ўзбек спортини дунёга танитаётган жонкуяр мураббийларга миннатдорлик билдирилди.
Очиқ мулоқот давомида спорт мактабларидаги машғулот жараёнлари, разряд талаблари, ўқувчиларни қабул қилиш мезонлари, ишга жойлашиш, меҳнатга ҳақ тўлаш, устамалар, малака тоифаси ва сертификат олиш, спорт инвентарлари, мусобақалар ҳамда спорт инфратузилмаси каби масалалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, спорт тизимида қатор янги ташаббуслар белгиланди. Аввало, спорт мактабларини соғломлаштириш ва бошланғич тайёргарлик гуруҳидаги спортчиларни кейинги гуруҳларга ўтказишда талаб этиладиган разрядни тегишли спорт тури бўйича норматив қабул қилиш орқали бериш имконияти яратилади.

Келгуси йилдан спортчиларга разряд ва унвон бериш жараёни “ERP–спорт” ягона электрон бошқарув тизими орқали тўлиқ проактив шаклга ўтказилади. Шунингдек, спорт гуруҳларида шуғулланувчи спортчилар ўртасидаги ёш тафовути амалдаги 2 ёшдан 3 ёшга кенгайтирилади.
Спорт мактабларидан миллий терма жамоаларга спортчилар етказиб бераётган ва юқори натижаларга эришаётган мураббийларни уларнинг хоҳишига кўра Олимпия марказлари ҳамда ихтисослашган профессионал спорт таълим муассасаларига ротация қилиш амалиёти йўлга қўйилади. Зарур ҳолларда бундай мураббийлар билан бирга уларнинг натижадор спортчилари ҳам кўчирилади.
Мураббийларга малака сертификати бериш тизими соддалаштирилади. Хусусан, тренер-селекционерларнинг спорт фаолиятига тегишли малака сертификатларини истисно тариқасида тан олиш, янги ўқув йилидан уларни малака ошириш курсларининг “2+2” дастурига ўтказиш ва амалиёт қисмини бириктирилган маҳаллада ташкил этиш йўлга қўйилади.
Очиқ мулоқотда спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Т.Рўзиев, ЎзА