Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Актам Хаитов Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги ташрифи чоғида, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан ташкил этилган тадбирда иштирок этди.
Унда Спикер ўринбосари Актам Хаитов барча опа-сингилларимизни гўзаллик ва нафосат байрами билан чин дилдан табриклади. Мамлакатимизда азиз ва мўътабар аёл зотини улуғлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Боиси хотин-қизларнинг оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, соғлом ва маънан баркамол этиб тарбиялаш, юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида хизматлари беқиёсдир.
Шунинг учун мамлакатимизда хотин-қизларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, уларнинг оғирини енгил қилишга катта эътибор қаратилмоқда.
Уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, фарзандлар тарбияси, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган ишлар кўлами жамиятда хотин-қизларимиз ўрнини яна бир карра намоён этаётганлигини, ҳар бир соҳада хотин-қизларимизнинг фаол эканлигини қайд этди.
Тадбирда бир гуруҳ хотин-қизларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Байрам кечаси туман маданият бўлимининг концерт дастури билан давом этди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА