Термиз шаҳридаги "Грант алмаз" тантаналар саройида 27 июнь-- Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Президентимизнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.


Айни пайтда вилоятда 37 журнал ва газета, иккита телевидение, битта радио, тўртта расмий веб-сайт ҳамда марказий оммавий ахборот воситаларининг воҳадаги вакиллари ҳудудларда юз бераётган кунлик ўзгариш ва янгиланишларни жамоатчиликка холис етказмоқда. Жойларда жамоатчилик назоратини ўрнатиб, фуқароларнинг қонуний мурожаатларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашаётир. 70 дан ортиқ давлат бошқаруви идора, ташкилот ва муассасаларида фаолият юритаётган ахборот хизматлари жамиятда очиқлик ва ошкораликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.


Тантанали тадбирда оммавий ахборот воситаларининг бир гуруҳ ходимлари, фахрийлар, ахборот хизматлари раҳбарлари ва ижтимоий тармоқ фаоллари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури барчага байрамона кайфият улашди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири