Маълумки, совуқ сув балиқлари асосан республикамизнинг тоғ ва тоғолди ҳудудларидаги совуқ сувларда етиштирилади. Балиқчилик соҳасининг ушбу йўналишини янада ривожлантириш, саноат усулида етиштирилувчи балиқ турларини кўпайтириш ҳамда аҳоли дастурхонига совуқ сув балиқлари сирасига кирувчи форель, осётр, лосос балиқларини етказиб бериш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
АОКАда ташкил этилган брифингда "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Зилола Рўзиева соҳага тегишли маълумотларни тақдим этди.
Қайд этилишича, совуқ сув балиқларини етиштирувчи хўжаликларнинг сони 41 тага, қуввати 8,3 минг тоннага етказилди. Балиқчиликнинг бу йўналиши асосан Тошкент, Сурхондарё, Наманган ва Фарғона вилоятларида жадал ривожланиб бормоқда. Жумладан, Тошкент вилоятида қуввати 3 минг 800 тонна бўлган 11 та корхона фаолият юритади.
Наманган вилоятида 10 та хўжалик томонидан 3 000 тонна қувватда совуқ сув балиқларини етиштириш йўлга қўйилган. Шундан "Db group eco", “Fishville Norin” ҳамда "Учқўрғон йўловчи ташиш" масъулияти чекланган жамиятлари юқори қувватларда балиқ етиштиради.
Шунингдек, Фарғона вилоятида 540 тонна қувватдаги 5 та хўжалик томонидан совуқ сув балиқлари етиштирилмоқда.
Шу билан бирга, жорий йил давомида совуқ сув балиқларини етиштириш бўйича 15 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, 1 май ҳолати бўйича республикада қуввати 570 тонна бўлган 6 та лойиҳа ишга туширилди.
Бундан ташқари фойдаланилмасдан келаётган мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида тажриба тариқасида Норин туманидаги мелиоратив қудуқлардан олинаётган сув манбаидан фойдаланган ҳолда давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида интенсив усулда форель балиқларини етиштириш лойиҳаси амалга оширилди.
Ҳозирда ҳудуддаги 34 та тик қудуқлардан 15 тасининг атрофида форель етиштириш бўйича бассейнлар ташкил этилмоқда. Хусусан, “Fishville Norin” масъулияти чекланган жамияти томонидан 4 та тик қудуқларда лойиҳа ишга туширилиб, ҳар биридан 30-40 тонна балиқ етиштириш имконияти яратилди ҳамда 10 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.
Мазкур йўналишни янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида хўжаликлар томонидан ҳозирги кунда 8 минг 300 тоннадан ортиқ совуқ сув балиқлари етиштириш қувватлари яратилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА