“Сўнгги қўнғироқ” садолари янги мақсадларга чорловдир
Бугун эрта тонгдан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент вилоятидаги 875 та умумтаълим мактабида ҳам “Сўнгги қўнғироқ” садолари янгради. Бу йил 51 минг 476 нафар 9-синф ҳамда 37 минг 264 нафар 11-синф битирувчилари тамомламоқда. Айниқса, аъло баҳолари, намунавий хулқи ва фаоллиги билан тенгдошларига ўрнак бўлган 986 нафар битирувчининг олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлангани қувонарли.
Шу муносабат билан 2025–2026 ўқув йили якунланиб, минглаб ёшлар учун катта ҳаёт сари янги босқич бошланди. Шу муносабат билан вилоятдаги барча умумтаълим мактабларида “Юксак маърифатли авлод – Учинчи Ренессанс пойдевори” шиори остида тантанали байрам тадбирлари ўтказилди.

Уларда туман ва шаҳарлар ҳокимлари, йирик корхона ва ташкилотлар мутасаддилари, олий таълим муассасалари ректорлари, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Барча мактаблардаги тадбирларда давлатимиз раҳбарининг битирувчи ёшларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Сўзга чиққанлар ёшларга эзгу тилаклар билдириб, уларнинг келгусида юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган билимли ва ватанпарвар авлод бўлиб етишишига ишонч билдирилди. Битирувчиларнинг таълимдаги юқори натижалари ҳам алоҳида эътироф этилди. Хусусан, 476 нафар битирувчи муддатидан олдин олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Қибрай туманидаги 46-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, битирувчиларнинг “Сўнгги қўнғироқ” тантанасида иштирок этди.
Тадбир давомида аъло баҳолари, намунавий хулқи ва фаоллиги билан тенгдошларига ўрнак бўлган иқтидорли ўқувчилар қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди. Фарзанд тарбиясида жонбозлик кўрсатган ота-оналарга эса “Энг фаол ота”, “Жонкуяр она”, “Масъулиятли ота-она” номинациялари бўйича “Миннатдорчилик хат”лари топширилди.


Жумладан, битирувчи Нодира Содиқованинг онаси Матлуба Содиқова “Жонкуяр она” номинацияси билан муносиб тақдирланди. Байрам тадбири мактабнинг “Иқтидор” ҳаваскорлик ансамбли иштирокчилари томонидан намойиш этилган мусиқий ва бадиий чиқишлар билан янада кўтаринки руҳда давом этди.

Умуман олганда, бугун мактаб билан хайрлашаётган ёшлар Янги Ўзбекистоннинг билимли, ташаббускор ва фидойи авлоди сифатида юрт равнақига хизмат қилиши шубҳасиз.
А.Мусаев, ЎзА.