Мактаб – инсоннинг беғубор болалик даврини ёдга солувчи, эзгу ва нурли орзуларимиз билан боғлиқ табаррук маскан. 24 май куни мамлакатимиздаги барча умумтаълим масканларида 2024/2025 ўқув йили якунига бағишланган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.
Айтиш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мактабни битирувчи ўғил-қизларга табриги ўқув йили ниҳоясига оид тантаналарга, битирувчиларга, уларнинг устозлари ва ота-оналарига ўзгача руҳ бағишлади.
Барча жойларда бўлгани каби “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 91- сонли Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактабда ҳам баланд руҳда ўтказилди.
Бу ерга эрта тонгданоқ ўқувчилар, уларнинг устозлари ва ота-оналар, маҳалла фаоллари тўпландилар.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.
Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларига табригини Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ўқиб, эшиттирди.
[gallery-23550]
Дарҳақиқат, кейинги йилларда мактаб таълимига қаратилаётган эътибор мутлақо ўзгарди. Таълимнинг сифат ва мазмунини такомиллаштириш йўлида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ўқув жараёнини халқаро андозаларга уйғунлаштириш йўлида салмоқли қадамлар қўйилди. Мамлакатимизнинг эртанги кундаги ҳал қилувчи кучи сифатида навқирон авлод учун зарур барча шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Ўқувчи-ёшларнинг замонавий илм, касб-ҳунар, ахборот технологиялари, чет тилларини пухта эгаллаши учун кўплаб олий ўқув юртлари, мономарказлар, техникумлар фаолият кўрсатмоқда. Кейинги йилларда юртимизда барпо этилган Президент ва ижод мактабларининг илғор тажрибалари умумтаълим мактабларига ҳам кенг жорий этилмоқда.
Буларнинг барчаси кенг ва соғлом тафаккурга эга, баркамол авлодни вояга етказишга хизмат қилмоқда.
–Мактабимизда 1830 нафар ўқувчи таҳсил олади, – деди мактаб директорининг ўринбосари Зилола Рустамова. – Бу йил таълим масканимизни 126 нафар ўқувчи битиради. Уларнинг тўлақонли билим олиши, касб-ҳунар сирларини эгаллашлари учун ўқув дарслари билан бирга, фан тўгараклари машғулотлари кенг йўлга қўйилди. Ўқувчиларимиз фан олимпиадалари, турли ижодий танловларда фаол иштирок этиб совринли ўринларга сазовор бўлдилар.
–Жонажон мактаб, меҳрибон устозлар, қадрдон синфдошлар билан хайрлашиш жуда оғир, – деди 11-синф ўқувчиси Юсуфбек Абдуллаев. –Олган билим ва инсонийлик сабоғи учун мактабимдан, азиз устозларимиздан жуда миннатдорман. Келгусида яхши ҳунар эгаси бўлиб, Ватаним ривожига ҳисса қўшишга астойдил ҳаракат қиламан.
Тантанали тадбирда фидойи устозлар, аълочи ўқувчилар тақдирланди.
Мактабдаги "Турон" театри ҳамда иқтидорли ўқувчилар бадиий жамоасининг дастури намойиш этилди. Ватан, ёшларга қаратилаётган эътиборни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизматига кўра, жорий ўқув йили якунида республикамиздаги ўн мингдан зиёд мактабнинг 9-синфини 632 минг 946 нафар, 11-синфини 451 минг 73 нафар йигит ва қизлар тугатмоқда. Aъло баҳоси ва намунали хулқи билан ўрнак кўрсатган 14 минг 41 нафар 11-синф битирувчиси мактабнинг олтин ва кумуш медалларига сазовор ёшлардир.
Сўнгги қўнғироқ садолари янграйди. Ўқувчилар замонавий билимлар билан бирга мактабдек мўътабар даргоҳда одамийлик, ватанпарварлик, юртга садоқат сабоғини ҳам олганлари аниқ. Бу билимлар уларнинг келгусидаги ҳаёт йўлини ёритишга хизмат қилади.
Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари