Солиқдаги янги имтиёз ва енгилликлар тадбиркорларга етказилди
Президентимизнинг 2026 йил 26 майдаги “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш юзасидан Сурхондарё вилояти солиқ органлари ҳудудларда семинар ташкил этди.
Унда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Отабек Умиров ва масъул мутахассислар янги фармон билан жорий этилаётган механизмлар, солиқ енгилликлари ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан атрофлича маълумот берди.

Ангор туманида ўтказилган тадбирда Ангор, Шеробод ва Музработ туманларидаги тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Семинарда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Отабек Умиров кейинги йилларда мамлакатимизда хусусий секторни янги босқичда ривожлантириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, енгилликлар яратиш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиши қайд этилиб, 2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январгача умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритувчи тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ҳамда тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқи берилгани алоҳида таъкидланди.

Мазкур тартибга кўра, товарлар ва хизматларни реализация қилиш бўйича барча айланмалар учун ҚҚС ставкаси 6 фоиз миқдорида, фойда солиғи ставкаси 0 фоиз этиб белгилангани ҳамда мазкур солиқ бўйича ҳисобот тақдим этиш мажбурияти бекор қилингани, фойда солиғи бўйича ҳисобот тақдим этиш мажбурияти бекор қилиниши бизнес юритиш жараёнларини янада соддалаштираётгани юзасидан фикр алмашди.
Семинар иштирокчиларига солиқ юкини камайтириш, расмий фаолият юритишнинг афзалликлари ва “Солиқчи – кўмакчи“ тамойили асосида яратилган янги механизмлар ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди.

– Бизнинг асосий вазифамиз тадбиркорларга маъмурий босим ўтказиш эмас, балки уларга тўғри йўл кўрсатиш, янги фармон билан берилган имтиёзлардан унумли фойдаланишига кўмаклашишдан иборат, – дейди Денов тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Рустам Нарзуллаев. – Солиқ тизимида юз бераётган ҳар бир янгилик бизнес муҳитини янада эркинлаштиришга, халқимизнинг обод ва тўкин турмушини таъминлашга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Денов туманида ўтказилган учрашувда Узун, Сариосиё, Олтинсой ва Денов тумани тадбиркорлари, Вилоят солиқ бошқармасидаги семинарда Термиз шаҳри ва Термиз тумани хусусий сектор вакиллари, Қумқўрғон туманида ташкил этилган тадбирда Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Шўрчи тумани тадбиркорлари қатнашди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган семинарларда иштирокчилар янги берилган имтиёзларни қўллаш тартиби, электрон ҳисоб-фактура ва солиқ ҳисоботларини юритишдаги қулайликлар, солиқ қарздорлигини кечиктириб тўлаш ҳамда ортиқча тўловларни қайтариш механизмлари каби масалалар бўйича мурожаат этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири