Қашқадарёда “Медиа ҳафталик” муваффақиятли якунланди
Қашқадарё вилоятида журналистика ва ахборот соҳаси ходимлари учун ташкил этилган “Медиа ҳафталик” тадбирлари кўтаринки руҳда якунланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан Ёшлар ишлари агентлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган мазкур лойиҳа соҳада фаолият юритаётганлар учун муҳим тажриба майдони бўлди.
Ҳафталикнинг тантанали ёпилиш маросими Қарши давлат университети Ёшлар марказида бўлиб ўтди.
Беш кун давом этган машғулотларда вилоятда фаолият юритаётган журналист ва блогерлар, ахборот хизмати раҳбарлари малакали экспертлар томонидан ўтказилган замонавий медиа оламининг долзарб йўналишлари, амалий билимлар ва тажриба алмашувига бой семинар-тренингларда иштирок этди.
[gallery-28975]
– Тренингларда оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, айниқса, босма нашрлар сифатини ошириш, янги ишлаш тизимига ўтиш бўйича муҳим йўналишлар муҳокама қилинди, – дейди Қашқадарё вилоят Журналистлар уюшмаси раиси Акбар Раҳмонов. – Бугун нафақат вилоятларда, балки республикада ҳам газеталарнинг аҳволи мақтагулик эмас. Ҳафталик давомида бугунги даврга мослашиш, ижтимоий тармоқларда электрон саҳифалар очиш орқали фаолиятни жонлантириш ва халқаро тажрибаларни ўзлаштириш бўйича қизиқарли маълумотлар берилди.
Соҳада катта тажрибага эга мутахассислар ҳам мазкур лойиҳани юқори баҳолади.
– 57 йил шу соҳада фаолият юритган бўлсам, ҳали ОАВга бунчалик катта эътибор берилганини кўрмагандим, – дейди “Адолат кучи” газетаси бош муҳаррири Норбўта Ғозиев. – Бу мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати, давлатимиз раҳбарининг журналист ва блогерларга бўлган эътибори самарасидир. Маҳорат дарсларидан мен ўзим учун керакли бўлган маълумотларга эга бўлдим.
Ҳафталик давомида эришилган натижалар бўйича тақдимотлар ва маданий чиқишлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.
– Бу лойиҳа биз учун шунчаки ўқув машғулотлари эмас, балки билимларимизни ошириш, тажриба алмашиш ва касбий дунёқарашимизни кенгайтиришга хизмат қилган муҳим ҳафталик бўлди, – дейди “Халқ сўзи” газетаси мухбири Жаҳонгир Боймуродов. – Маълумотларни олиш, қайта ишлаш, узатиш ва визуаллаштириш, соҳада қўлланилаётган замонавий технологиялар ҳамда дастурлар ҳақида янги билимларга эга бўлдик.
Тадбир якунида барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари