Бухоро вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлинмаси ҳамда ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси тезкор ходимлари томонидан вилоят ҳудудида жиноятларни тезкор аниқлаш ва олдини олишда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
“Ҳамкор” қўшма қарор доирасида тезкор-қидирув ҳамда профилактик тадбирлар амалга оширилиши натижасида бир қатор ҳолатлар аниқланмоқда. Навбатдаги тезкор тадбирда содир бўлиши мумкин бўлган мудҳиш воқеанинг олди олинди. Бухоро вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармасида мавжуд тезкор маълумот асосида ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбир давомида аниқланишича 2022 йил 19 апрель куни бир гуруҳ фуқаролар олдиндан тил бириктириб, жиноий режа тузади. Улар ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш мақсадида 1993 йилда туғилган фуқаро Д.М ни Бухоро шаҳар “Карвон бозор” автошоҳ бекатидан “Ласетти” русумли автомашинага мажбуран миндириб, Бухоро шаҳар “Кўкалдош” МФЙ “Гулшан” кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган уйга олиб келишади.
Уюшган жиноий гуруҳ аъзолари бу ерда уни турли хилдаги ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, шаъни ва қадр қимматини камситади. Унга жисмоний куч ҳамда руҳий тазйиқ ўтказишади. Танасининг турли жойларига бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказишади. Гуруҳ аъзолари ўз қабиҳ ниятларини амалга ошираётган бир пайтда тезкор тадбир иштирокчилари томонидан жиноят устида қўлга олинади. Тезкор ходимлар ўз вақтида етиб келмаганда ким билади кўзи қонга тўлган бу кимсалар йигитни нима кўйга соларди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 137 - моддаси 2 - қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Суриштирувлар жараёнида аниқланишича, жиноий гуруҳ аъзолари ўзига тўқ, оилали, олий маълумотли, эсли ҳушли ҳатто ораларида раҳбар лавозимларида ишлаб турганлар ҳам бор. Хўш, бу жиноий гуруҳни бундай қабиҳликка нима ундади? Тўланмаган қарзми, шахсий хусуматми ёхуд қасос ўти?
Дастлабки маълумотларга кўра, калтакланган фуқаро шунчаки ўз ҳақ ҳуқуқини талаб қилган. Яъни у савдо дўконларида харидорларга чек бермаётган ва шу орқали давлат ғазнасига тушиши керак бўлган солиқдан қочиб юрган тадбиркорлар ҳақида маълумотлар тўплаган ва уларни тегишли идораларга етказган. Энг қизиғи, қўштирноқ ичидаги жабрдийдаларга ўзига хос қасд олиб жазолашни таклиф қилган кимсанинг ўзи солиқ идораси ходими.
Жиноий гуруҳ аъзолари орасида йигитдан аламзада бўлиб юрганлар ҳам бўлган ва шу йўл орқали йигитдан қасд олишни режалаштирган. Бироқ, биз қонун устувор давлатда яшаймиз. Ва ҳар бир фуқаронинг хавфсизлиги таъминланади. Халқимизда қилмиш қидирмиш дейилади. Дунёни сўроқсиз деб ўйлаган зўравонлар ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда тергов суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА