Соғлом турмуш тарзи: 2022 йилда соҳага бюджетдан 24 триллион сўм йўналтирилмоқда
1948 йил 7 апрель куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ташкил топган. Шу боис ҳар йили сайёрамизнинг барча мамлакатларида 7 апрель “Бутунжаҳон саломатлик куни” сифатида байрам қилинади, турли акция ва тадбирлар ўтказилади.
Шу муносабат билан бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмиталари ҳамкорлигида ушбу санага бағишланган “Соғлом турмуш тарзи — фаровон ҳаёт асоси” мавзусида амалий тадбир ташкил этилди.
Унда иштирок этганлар COVID-19 коронавирус пандемияси аҳолининг соғлиғи, жисмонан саломатлиги, соғлом ҳаёт кечириш даражаси заифлигини кўрсатганини, коронавирус инфекцияси аввало, юрак-қон томир ва нафас олиш йўллари ҳамда семизлик (ортиқча вазн) касаллигига чалинган фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир қилганини таъкидлади.

Шунай экан, соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётга айлантириш зарур. Зарарли одатлардан воз кечиб, оммавий спорт билан доимий шуғулланиш, тўғри овқатланиш тамойилларига риоя қилиш, хусусан, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини меъёридан ортиқ истеъмол қилмаслик лозим.
Қайд этилганидек, жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш, соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, тиклаш ва реабилитация ишлари ҳамда оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил қилиш, бу борада тегишли инфратузилма ва бошқа зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида мамлакатимизда кенг ташкилий-хуқуқий асослар яратилди, молиявий манбалари белгилаб берилди.
2022 йилнинг ўзида соҳага бюджетдан 24 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ йўналтирилмоқда. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича кенг имкониятлар яратилди, таъминотнинг молиявий манбалари ҳал этилди.

Хусусан, 2021 йилдан 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар “A” витамини билан, 2-10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланиши йўлга қўйилди. 2021 йилда биргина микронутриент кукуни харид қилиш учун давлат бюджетидан 21,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Бундан ташқари, Президент фармойиши билан тасдиқланган давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир “йўл харитаси”га асосан жорий йилнинг 25 март – 25 апрель кунлари “Соғлом ҳаётга қадам ташла” оммавий информацион-профилактик ойлиги ўтказилмоқда. Бу эса мамлакат миқёсида фуқароларнинг саломатликларини тиклашда ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Амалий тадбирда иштирокчиларнинг саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА