Ўзбекистон миллий боғида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Спорт вазирлиги ҳамкорлигида “Соғлом оила учун бирлашайлик!” шиори остида оммавий бадантарбия ҳамда беш минг қадам юриш спорт тадбири ўтказилди.
Мазкур спорт тадбирида вазирлик ва идораларда, меҳнат жамоаларида фаолият олиб бораётган хотин-қизлар, уй бекалари иштирок этди.
Юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлиғини сақлаш, аёллар спортини ривожлантириш, опа-сингилларимиз учун улар орасида оммавий спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиш орқали соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларни оммавий спортга жалб этиш янги босқичга олиб чиқилмоқда.
Бугунги кунда мамлакат хотин-қизларининг 60 фоизи жисмоний тарбия машғулотлари ва оммавий спорт тадбирларида иштирок этиб келмоқда. Шу билан бирга, спорт билан доимий шуғулланаётган аёллар улуши 30 фоиздан ошди.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 13 февраль куни Олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Маҳаллалар кесимида “Аҳолининг жисмоний фаоллиги рейтинги”ни юритиш, йил якунида энг фаол оилаларга тренажёрлар берилиши, энг яхши маҳаллаларда спорт майдончалари қурилиши ҳақида таъкидланди.
Шунингдек, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда нафақат спорт, балки тўғри овқатланиш ҳам долзарб аҳамиятга эга экани қайд этилди. Ўтказилган ўрганишларга кўра, аҳолимизнинг 44 фоизи жисмоний фаол эмаслиги, 36 фоизи тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилмаслиги аниқланган.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Спорт вазирлиги билан “Соғлом оила – соғлом жамият” ғояси асосида хотин-қизларни жисмоний тарбия машғулотлари ва оммавий спорт тадбирларига янада кенгроқ жалб қилиш мақсадида қўшма қарор имзолади.
Мазкур қўшма қарор асосида юртимиздаги 9 минг 452 та маҳаллада истиқомат қилувчи хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жамоавий спорт турларига қизиқишини ошириш, уларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланиши учун шароит яратиш ҳамда спорт мусобақалари ўтказилиши йўлга қўйилмоқда.
Ҳар бир ота-она, ҳар бир миллатнинг нияти – жисмоний ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашдир. Бунга эса жисмоний тарбия ва спортсиз эришиб бўлмайди. Спорт соғлом халқ, соғлом оила, соғлом авлоднинг таянч устунидир. Шу боис давлатимиз томонидан бу соҳага катта эътибор қаратилмоқда.
Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ҳар бир аёлни “Соғлом турмуш тарзи умуммиллий ҳаракати”нинг етакчи фаоли қилиш бўйича чорловларида ҳам спорт билан шуғулланишни кундалик ҳаёт тарзига айлантириш, репродуктив саломатлик мезонларига амал қилиш ғояси акс этган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.
Бундай спорт-соғломлаштириш акциялари мамлакатимиз бўйлаб бўлиб ўтмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА