Соғлом инсон – кучли давлат
Муносабат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи юртимизнинг 35 йиллик тараққиёт йўлини сарҳисоб қилиш, эришилган улкан натижаларни таҳлил этиш ва келгуси устувор вазифаларни белгилаб олиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди. Давлатимиз раҳбари нутқида инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, фаровон ва муносиб ҳаёт кечириши Янги Ўзбекистон сиёсатининг бош мезони эканини яна бир бор алоҳида таъкидлади.
Айниқса, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масаласига алоҳида урғу берилгани диққатга сазовордир. Зеро, инсон қадри ҳақида сўз борганда, аввало, унинг ҳаёти ва саломатлигини асраш, касалликларнинг олдини олиш, зарур тиббий ёрдамни ўз вақтида ва сифатли кўрсатиш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бевосита “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоянинг амалий ифодаси бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кейинги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар ҳажми 8 каррадан зиёд оширилди. Бу эса тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий тиббий технологияларни жорий этиш, малакали мутахассислар тайёрлаш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш учун кенг имкониятлар яратмоқда. Энг муҳими, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти нафақат пойтахт ва йирик шаҳарларда, балки мамлакатнинг барча ҳудудларида яратилмоқда.
Нутқда келтирилган рақамлар соҳадаги ўзгаришларнинг кўлами ва натижадорлигини яққол намоён этади. Ўтган даврда мамлакатимизда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилди. Хусусий секторга кенг имкониятлар яратилиши натижасида тиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошди. Бу, бир томондан, тиббиёт соҳасида рақобат муҳитини кучайтирган бўлса, иккинчи томондан, аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг тури, сифати ва қамровини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Замонавий тиббиётнинг энг муҳим талаби — юқори малакали кадрлар ва илғор технологиялар уйғунлиги. Шу маънода, юртимизда юқори малакали шифокорларни тайёрлаш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва меҳнат қилиши учун муносиб шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим аҳамиятга эга. Илгари хорижий давлатларда амалга оширилган 100 дан зиёд мураккаб диагностика ва даволаш усулларининг бугун Ўзбекистонда ҳам мукаммал бажарилаётгани миллий тиббиётимизнинг салоҳияти тобора ортиб бораётганидан далолатдир.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг энг муҳим самараси эса инсон умри ва саломатлиги билан боғлиқ кўрсаткичларда намоён бўлади. Президент нутқида қайд этилганидек, мамлакатимиз аҳолисининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етган. Гўдаклар ва оналар ўлими кўрсаткичининг 4 баробар камайиши ҳам тиббий хизмат сифати, профилактика ишлари, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш тизимида амалга оширилган ислоҳотларнинг муҳим натижасидир.
Бугунги кунда тиббиётни фақат касалликни даволаш билан чеклаб бўлмайди. Замонавий соғлиқни сақлаш тизими профилактика, эрта ташхис, соғлом турмуш тарзи, тиббий маданиятни юксалтириш ва инсон саломатлигини бутун умри давомида муҳофаза қилишга қаратилган яхлит тизимни тақозо этади. Шу боис аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, тиббий саводхонликни ошириш, касалликларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш борасидаги ишларни янада кучайтириш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолади.
Айни пайтда тиббиёт соҳасида рақамлаштириш, сунъий интеллект ва замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳам келгусида улкан имкониятларни очиб беради. Ташхис қўйиш жараёнини тезлаштириш, тиббий маълумотларни ягона тизимда юритиш, масофавий тиббий хизматларни ривожлантириш ва илмий тадқиқотларни янги босқичга олиб чиқиш орқали аҳолига янада қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш имконияти кенгаяди. Президент нутқида илм-фан, замонавий технология ва инновациялар тараққиётнинг ҳал қилувчи омили сифатида қайд этилгани тиббиёт учун ҳам муҳим стратегик вазифаларни белгилаб беради.
Шу ўринда тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнатини алоҳида эътироф этиш лозим. Шифокор, ҳамшира ва бошқа тиббиёт мутахассисларининг инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш йўлидаги машаққатли меҳнати жамият учун беқиёс аҳамиятга эга. Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларининг давлат мукофотлари билан тақдирлангани ҳам уларнинг жамият ҳаётидаги юксак ўрни ва хизматларига берилган муносиб баҳодир.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган нутқида соғлиқни сақлаш соҳасига оид билдирилган фикрлар юртимизда инсон саломатлиги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини яна бир бор намоён этди. Эришилган натижалар билан бирга, олдимизда тиббий хизмат сифатини янада ошириш, ҳудудларда замонавий тиббиёт имкониятларини кенгайтириш, малакали кадрлар тайёрлаш, профилактика ва эрта ташхис тизимини такомиллаштириш каби муҳим вазифалар турибди.
Зеро, соғлом инсон — соғлом оила, соғлом жамият ва кучли давлат асоси. Шу маънода, мамлакатимизда амалга оширилаётган тиббий ислоҳотларнинг бош мақсади ҳам битта — инсон ҳаётини асраш, унинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва ҳар бир фуқарога муносиб ҳаёт кечириш учун зарур шароит яратиш. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг инсонпарвар тараққиёт йўлидаги энг муҳим мезонларидан биридир.
Гафур Султанов,
Тошкент давлат тиббиёт университети Чирчиқ филиали директори