Соғлом ҳаёт ва жамоавий бирлик
Юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда оммавий спортни кенг ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш, ҳар бир ташкилот ва меҳнат жамоаларида спорт муҳитини шакллантириш бўйича муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Бухоро вилояти солиқ хизмати органларида ҳам бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ходимларнинг мунтазам равишда спорт билан шуғулланишлари, соғлом ва фаол ҳаёт тарзини йўлга қўйишлари учун ҳафтанинг ҳар жума куни турли спорт мусобақаларини ташкил этиш белгиланган.

Шу муносабат билан мини футбол бўйича “Солиқ бошқармаси бошлиғи кубоги” мусобақасига старт берилди. Ушбу мусобақада туман ва шаҳар солиқ инспекциялари ҳамда вилоят солиқ бошқармасининг жами 14 та жамоаси иштирок этмоқда. Беллашувлар қизғин ва муросасиз руҳда кечиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, вилоят солиқ хизмати органлари ходимлари ўртасида стол тенниси бўйича ҳам мусобақалар ташкил этилмоқда. Бу эса ходимларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, чаққонлик ва эпчиллик сифатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бухоро вилояти солиқ хизмати органларида йўлга қўйилган бундай эзгу ташаббуслар келгусида ҳам соғлом ва аҳил жамоани шакллантириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда соҳада юқори натижаларга эришишга мустаҳкам замин яратади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.