Соғлом ҳаёт ичаклардан бошланади: микрофлорани тиклаш йўллари ва давлат ғамхўрлиги
Тиббий маданият
Инсон ичакларидаги микрофлора ўйлаганимиздек, биргина ҳазм қилиш жараёнида иштирок этмайди. Бу – кучли иммунитетимиз қўрғони. Гастроэнтерология соҳасидаги халқаро илмий тадқиқотларга кўра, инсондаги сурункали хасталикларнинг салмоқли қисми бевосита ичакдаги микрофлоранинг издан чиқиши билан боғлиқ. Фойдали бактериялар ёки тушунарлироқ қилиб айтганда, пробиотиклар ичак деворларини зич ёпиб, зарарли микрофлора ва заҳарли моддаларнинг қонга ўтишига йўл қўймайди.
Лекин тезкор ҳаёт тарзи, доимий стресс, фаст-фудлар ёки ярим тайёр маҳсулотлар ва шифокор кўрсатмасисиз палапартиш ичиладиган антибиотик дорилар ана шу ҳимоя қалқонини емириб боради. ЖССТнинг сўнгги ҳисоботларига кўра, нотўғри овқатланиш туфайли келиб чиқадиган ичак дисбаланси бутун дунё бўйлаб аллергик, аутоиммун, ҳатто юрак-қон томир касалликларининг кескин кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Шифокор-гастроэнтеролог Бекзод Одиловнинг сўзларига кўра, беморлар кўпинча мувозанат бутунлай йўқолиб, оғир аҳволга тушгандагина тиббий кўрикка келади. Уларнинг аксарияти ичаклар фаолияти ҳақида тушунчага ҳам эга бўлмайди ва ичаклар саломатлигига умуман эътибор қаратмайди.
– Ҳолбуки, ичак — бизнинг иккинчи миямиз. Организмдаги серотонин – бахт гормонининг салмоқли қисми айнан ичакларда ишлаб чиқарилади. Агар ичаклар доимий стресс ва нотўғри овқатдан азоб чекаётган бўлса, ўз-ўзидан сурункали чарчоқ, депрессия ва иммунитет пасайиши ҳам кузатилади. Ичаклар соғлом бўлиши учун ҳар хил пробиотиклар қабул қилиш эмас, аввало, нима еб-ичаётганимизга эътибор қаратишимиз керак, – дейди мутахассис.

Илмий тадқиқотларда келтирилишича, айрим кундалик одатлар ва рациондаги сунъий маҳсулотлар ичакнинг фойдали микрофлорасини аёвсиз қириб ташлайди. Хусусан, тозаланган шакар ва ширинликлар зарарли бактериялар ва замбуруғлар (хусусан, кандида каби патогенлар) учун энг севимли озиқа бўлиб, улар кўп истеъмол қилинганда ёмон микрофлора жадал кўпайиб, фойдали бактерияларни сиқиб чиқаради. Фаст-фуд ва трансёғлар, қаҳвахоналардаги тез тайёрланадиган овқатлар, маргарин ва консервантларга бой маҳсулотлар ичак деворларининг ўтказувчанлигини бузади, организмда яллиғланиш жараёнларини кучайтиради. Янги сабзавотлар, кўкатлар ва донли маҳсулотлар истеъмолининг камайиб кетиши клетчатканинг кескин етишмаслигига ва фойдали бактерияларнинг нобуд бўлишига олиб келади. Шунингдек, антибиотик қабул қилинганда ичакдаги барча фойдали тирик микроорганизмлар ҳам нобуд бўлади. Айниқса, сурункали стресс ва уйқусизлик ичаклардаги қон айланишини ёмонлаштириб, микрофлора мувозанатини бир зумда бузади.
– Қабулимга келадиган кўп беморлар қорни оғриётгани, доим дам бўлишидан шикоят қилишади, – дейди Б.Одилов. – Сўраб суриштирсам, кечки пайт “чипс” еб, “газировка” ичган бўлади, кўп асабийлашади, ва доимий шошиб юради. Бундай носоғлом турмуш тарзи, албатта, ичаклар фаолиятига салбий таъсир қилмай қолмайди. Ҳаттоки, кўплаб аутоиммун, тери ва аллергик касалликларнинг илдизи айнан нотўғри овқатланиш оқибатида ичак фаолиятининг бузилишига бориб тақалади.
Мутахассислар тавсияларига кўра, организмдаги фойдали бактериялар захирасини тўлдириш ва бузилган мувозанатни табиий равишда тиклаш учун кундалик рационга махсус маҳсулотларни мунтазам киритиб бориш талаб этилади. Жумладан, қатиқ ва табиий йогурт бу борада табиий пробиотикларнинг энг асосий ва классик манбаи ҳисобланади, чунки уларнинг таркибидаги тирик бактериялар ошқозоннинг кислотали муҳитидан ўтиб, ичак микрофлорасини бойитишга ва мустаҳкамлашга хизмат қилади. Уйда тайёрланган карам тузламаси ёки бошқа табиий ферментланган сабзавотлар эса ферментация жараёнида катта миқдордаги фойдали микроорганизмларни ҳосил қилиб, ичакнинг моторикасини яхшилайди ва ҳазм қилишни енгиллаштиради. Шунингдек, кефир ва бошқа ферментланган сут маҳсулотлари ҳам турли микроорганизмлар комплексини ўз ичига олиб, ошқозон-ичак трактини тинчлантиради.

Лекин бир нарсани ҳеч қачон унутмаслик керак: ичакка фақат пробиотикларни (яъни тайёр бактерияларни) киритиб қўйишнинг ўзи етарли эмас. Улар ичакда яшаб қолиши ва кўпайиши учун уларга муайян озиқа зарур бўлиб, бу вазифани пребиотиклар — фойдали толалар бажаради. Шу сабабли мутахассислар кундалик овқатланиш рационига пиёз ва саримсоқ каби табиий антисептик хусусиятга эга маҳсулотларни қўшишни тавсия қилади. Бундан ташқари, ичак фаолиятини яхшиловчи кимёвий бирикмаларга бой дуккаклилар ва сули, қолаверса, банан ҳамда турли янги сабзавотлар микробиота учун энг яхши қувват манбаи сифатида хизмат қилади.
Шифокорнинг тушунтиришича, мисол учун, бу худди қуруқ ерга уруғ сепиб, умуман суғормаганга ўхшайди. Бактериялар сунъий равишда киритилади-ю, лекин уларга клетчатка, яъни севимли озиқаси берилмаса, улар барибир нобуд бўлади. Рационда кўкат, сабзавот, мева кўп бўлсагина ичаклар ҳам, иммунитет ҳам мустаҳкам бўлади.
Дарҳақиқат, ҳар қандай қимматбаҳо дори ёки қатъий парҳез ҳам, агар инсон соғлом турмуш тарзига риоя қилмаса, кутилган натижани бермайди. Шу муносабат билан, тиббиёт ва ЖССТ тавсияларига асосланиб, ичак саломатлигини ҳамда мустаҳкам иммунитетни таъминлаш учун учта муҳим қоидага риоя қилиш талаб этилади. Биринчидан, тўғри ва мувозанатлашган овқатланиш маданияти рационнинг ранг-баранглиги, табиийлиги ва ҳар хил кимёвий қўшимчалардан холилигини таъминлайди. Иккинчидан, етарли жисмоний ҳаракат фаол ҳаёт тарзи орқали қон айланишини яхшилаб, ички аъзолар, жумладан, ичакларнинг ҳам нормал перисталтикаси ва фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Учинчидан эса меъёридаги уйқу тунги дам олиш жараёнларида организмни, хусусан, асаб тизими ва микробиота мувозанатини тиклаш учун беқиёс аҳамиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, ичак саломатлигига ўз вақтида эътибор бериш, нафақат ошқозон-ичак трактидаги вақтинчалик муаммоларнинг олдини олиш, балки бутун организм иммунитети, гўзаллиги ва узоқ умр кўришининг мустаҳкам пойдеворини қуриш демакдир. Кундалик оддий тўғри танловлар ва соғлом турмуш тарзи ҳар бир инсоннинг соғ-саломат ва бардам яшашини кафолатлайди. Зеро, инсонга бир марта берилган умрни мазмунли ва мароқли ўтказиш, аввало, саломатликка боғлиқ.
Шу боис, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ўртача умр кўриш ёшини ошириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш устувор вазифага айланган. Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда 2020 йилнинг 10 ноябрда қабул қилинган «Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида айнан ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш маданиятини шакллантириш, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини яхшилаш ҳамда истеъмолда туз, шакар ва ёғ миқдорини камайтириш каби муҳим вазифалар белгиланган бўлиб, буларнинг барчаси бевосита ҳар бир инсоннинг соғлом ва узоқ умр кўришига хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА