Соғлиқни тиклаш учун энди хорижга бориш шарт эмас
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини тубдан янгилаш ҳамда соҳага илғор инновацион технологияларни кенг жорий этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда. Хусусан, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ҳамда «Темир йўл ижтимоий хизматлар» масъулияти чекланган жамияти раҳбариятининг ташаббуси билан Марказий клиник шифохонасида яратилган замонавий шароитлар бунинг яққол мисолидир. Муассасанинг энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар билан таъминлангани ва юқори малакали кадрлар салоҳияти бугунги кунда уни республикамиздаги энг рақобатбардош ҳамда нуфузли клиникалардан бирига айлантирди.
Шифохонанинг жарроҳлик бўлимига олиб келинган инновацион технологиялар ва замонавий даволаш усулларининг татбиқ этилиши туфайли беморлар оқими кескин кўпайди. Эътиборли жиҳати, бу ерга нафақат темирйўлчилар ва юртимизнинг турли ҳудудларидан келаётган юртдошларимиз, балки қўшни давлатлар ҳамда узоқ хориждан келувчи беморлар ҳам тез-тез мурожаат қилмоқда. Мазкур муассасанинг асосий устунлиги – бу ерда юртимиздаги энг тажрибали, ўз касбининг етук намояндалари бўлган олимлар ва профессор-шифокорлар фаолият юритаётганидадир.

Шифохона бош жарроҳи, Тошкент тиббиёт академияси Хирургик касалликлар кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори Илҳом Хайитов бошчилигидаги мутахассислар томонидан яқинда жаҳон тиббиётида ҳам кам учрайдиган ўта мураккаб амалиёт муваффақиятли бажарилди. Корхона ходимларидан бирида қорин ва ўпка бўшлиғини ажратиб турувчи парда (диафрагма) йўқлиги сабабли ошқозон қисми ўпка ва юрак соҳасига ўсиб кетган ноёб нуқсон аниқланди. Тажрибали шифокорлар томонидан тезкор ва тўғри қарор қабул қилиниб, ушбу хасталик анъанавий усулда эмас, балки замонавий эндоскопик аппаратлар ёрдамида, чандиқларсиз ва кам инвазив усулда бартараф этилди. Беморни узоқ йиллар қийнаб келган хасталик махсус тиббий сеткалар ёрдамида пластика қилиниб, бемор бир неча кун ичида тўлиқ соғайиб уйига жўнатилди.

Бугунги кунда шифохонада умумий хирургия билан бир қаторда юқори технологик травматология, урология, гинекология ва микрохирургик пластик жарроҳлик йўналишларида ҳам ноёб операциялар ишончли ҳамда ҳамёнбоп нархларда амалга оширилмоқда. Илгари юртдошларимиз бундай мураккаб амалиётлар учун Германия, Туркия ва Ҳиндистон каби давлатларга бориб, жуда катта маблағ сарфлаган бўлсалар, ҳозирда ўз юртимизда бир неча баробар арзон нархда сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятига эга. Тизимда фаолият юритувчи темирйўлчилар учун бу каби тиббий хизматлар мутлақо бепул, аҳоли учун эса қулай чегирмалар асосида тақдим этилмоқда. Ушбу яратилган шароитлар натижасида аҳолининг хорижга шифо излаб бориши кескин камайиб, аксинча, чет эллик беморларнинг мурожаатлари ортмоқда ва тиббиёт туризми жадал ривожланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Марказий клиник шифохонасида инсон қадрини улуғлаш, соғлиқни сақлаш тизимини жаҳон стандартлари даражасида такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўз мевасини бермоқда. Яратилаётган замонавий шароитлар ва шифокорларимизнинг фидокорона меҳнати туфайли юртдошларимизнинг даво излаб чет элларга боришига эҳтиёж қолмади. Бу эса мамлакатимиз тиббиётининг нақадар юксак поғонага кўтарилганидан далолат беради.
Рустам Ҳайдаров,
ЎзА