Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Соғлиқни сақлаш тизимида давлат бошқарувини такомиллаштириш, бирламчи бўғинни касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, cоҳа ривожланишининг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш, тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш, рақобат ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, тиббиёт ходимларининг билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш мақсадида:
1. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятининг асосий фаолият йўналишларини белгилаш ва қуйидаги янги бошқарув тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:
а) соғлиқни сақлаш вазири А.М. Хаджибаев:
вазирлик тизими ва идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, улар ишини самарали ташкил этишини таъминлайди, юклатилган вазифалар ва функциялар тўлиқ бажарилиши учун шахсан жавоб беради, мазкур ташкилотлар билан боғлиқ масалалар бўйича қарорлар қабул қилади;
шошилинч тиббий ёрдам, республика тиббиёт (республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларидан ташқари) ҳамда тиббий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этади, раҳбарлари фаолиятини баҳолайди, лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади, улар учун жиҳоз, дори ва тиббиёт воситалари сотиб олиш бўйича тендерлар ўтказиш ваколатларини, тизимда коррупциянинг олдини олишга қаратилган барча чора-тадбирларни амалга оширади;
б) соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Ш. Иноятов:
оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиника ва шифохонасида (кейинги ўринларда – бирламчи тиббий-санитария муассасалари) тиббий хизматларни кўрсатишга ва сифатига, уларни жиҳозлашга ҳамда тиббиёт ходимларининг билим ва малакасини оширишга шахсан масъул ҳисобланади;
бирламчи тиббий-санитария муассасаларида штатлар нормативи, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларига малака талаблари, жиҳозлаш стандартларини ҳамда даволаш протоколларини тасдиқлайди, шартномаларни имзолайди, улар раҳбарлари фаолиятини баҳолайди, номзодларни беради, лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган таклифлар киритади, ушбу муассасалар учун жиҳоз, дори ва тиббиёт воситалари сотиб олиш бўйича тендерлар ўтказиш ваколатларини амалга оширади, ушбу муассасалар фаолиятига оид қарорлар қабул қилади;
в) соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари А.А. Азизов:
тиббиёт соҳасида рақамлаштириш, молиялаштириш, давлат-хусусий шерикликни жорий қилиш ва ривожлантиришга шахсан масъул ҳисобланади ҳамда мазкур масалалар бўйича қарорлар қабул қилади;
юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун тендерлар ўтказади, шартномалар имзолайди, рақамлаштириш, молиялаштириш, давлат-хусусий шериклик масалалари бўйича давлат тиббиёт муассасалари раҳбарларига номзодларни беради, лавозимга тайинлаш
ва лавозимидан озод этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган таклифлар киритади, халқаро молия ташкилотлари билан ишлаш масалалари бўйича мустақил қарорлар қабул қилади;
г) соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари У.Ю. Собиров:
республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари (кейинги ўринларда – республика ихтисослаштирилган марказлари)
ва кўп тармоқли вилоят шифохоналарини ислоҳ қилиш, уларни бирламчи тиббий-санитария муассасалари билан боғлаш ҳамда жойларда ишлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича шахсан масъул ҳисобланади;
республика ихтисослаштирилган марказлари ва уларнинг филиаллари раҳбарларига номзодларни бериш, раҳбарларни лавозимга тайинлаш
ва лавозимидан озод этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган таклифлар киритиш, уларни жиҳозлаш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш, тендерлар ўтказиш ва шартномалар тузиш, ушбу марказларга бюджет маблағлари ва бепул даволанишга ордерларни тақсимлаш, шунингдек, даволаш протоколларини тасдиқлаш ваколатларини амалга оширади;
д) соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Э.И. Баситханова:
оналар ва болаларни хавф гуруҳларига ажратиб, улар билан манзилли ишлашни ташкил этиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга шахсан масъул ҳисобланади;
оналик ва болалик масалаларида халқаро ташкилотлар грантларини жалб қилиш, маблағларни тақсимлаш, маҳаллий ижро этувчи органлар, маҳалла, ёшлар, спорт ва таълим соҳаларидаги давлат органларининг соғлом турмуш тарзи бўйича фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ваколатини амалга оширади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев) бир ой муддатда мазкур бандда кўрсатилган асосий йўналишлар ҳамда жорий этилаётган янги бошқарув тизимидан келиб чиқиб:
соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарларининг аниқ вазифалари
ва функциялари тақсимотини;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан биргаликда ҳудудий соғлиқни сақлаш органларининг аниқ вазифалари ва функциялари тақсимотини тасдиқласин;
вазирлик марказий аппаратида инвестициядан кейинги даврни мониторинг қилиш учун амалдаги штатлар сони доирасида масъул бўлган таркибий бўлинма ташкил этсин.
2. 2021 йил 15 июндан бошлаб бирламчи тиббий-санитария муассасаларида дори ва тиббий буюмлар учун бириктирилган аҳоли жон бошига ажратилган маблағ миқдори ўртача 3 бараварга оширилсин.
Молия вазирлиги (Т.Ишметов) ушбу мақсад учун 2021 йил инвестиция лойиҳаларини мақбуллаштириш ҳисобидан 165 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратсин ҳамда ушбу бандда назарда тутилган харажатлар учун зарур маблағларни 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида кўзда тутсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов, А.Бобоев), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев) билан биргаликда бир ҳафта муддатда тиббиёт соҳасида инвестиция лойиҳаларини мақбуллаштириш ҳисобига ҳар бир вилоят кесимида иқтисод қилинадиган маблағларни аниқласин.
3. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев, А.Иноятов):
а) Давлат бошқаруви академияси (А.Бекмуродов) билан биргаликда илғор хорижий тажриба асосида тиббиёт соҳасида бошқарув бўйича икки ҳафталик ўқув курсларини ташкил этсин ва йил якунига қадар вилоят, туман (шаҳар) тиббиёт бошқармалари бошлиқларининг ўқитилишини таъминласин.
Бунда, ўқув курсларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Тиббиёт ташкилотларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
б) Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (А.Хасанов) билан биргаликда бир ой муддатда барча соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари раҳбарлари фаолиятини баҳолаш рейтингини жорий этсин ҳамда ҳар чоракда натижаларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин;
в) Молия вазирлиги (Т.Ишметов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.Норқулов) ҳамда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси (Ф.Шарипов) билан биргаликда бир ой муддатда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан келиб чиқиб, бирламчи бўғинда тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатини тасдиқлаб, барча ҳудудларда амалиётга киритсин.
4. “Ўзавтосаноат” АЖ (Ш.Умурзаков) 2021 йил 1 октябрга қадар жойларда, айниқса олис ва чекка ҳудудларда аҳолини манзилли профилактика ва скрининг қилиш ишларини ташкил этиш учун зарур ускуналар билан жиҳозланган махсус автобусларнинг камида 3 та тажриба намунасини яратсин ва киритсин.
5. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йил 1 июндан бошлаб:
а) Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тузилмаларига амалдаги штат бирликлари доирасида бошлиқнинг рақамлаштириш ва давлат-хусусий шериклик бўйича ўринбосари лавозими жорий қилинади. Бунда, ушбу лавозимларга тайинланаётган шахсларнинг аввалги давлат ташкилотларидаги иш жойи бўйича ойлик иш ҳақи миқдори юқори бўлган тақдирда, уларнинг аввалги иш жойи бўйича ойлик иш ҳақи миқдори сақлаб қолинади.
Рақамлаштириш ва давлат-хусусий шериклик бўйича ўринбосар ўз фаолиятида бевосита соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари А.Азизовга бўйсунади ва ҳисобдор бўлади ҳамда А.Азизов Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси фаолиятининг рақамлаштириш натижадорлиги бўйича масъул ҳисобланади, уларнинг ишига баҳо беради;
б) ҳар бир оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасида электрон тизим билан ишлайдиган бир нафардан IT оператор – ҳамшира лавозими киритилади. Бунда, ушбу лавозимлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 майдаги “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги ПФ–6221-сон Фармонига мувофиқ ажратилаётган штат бирликлари ҳисобидан шакллантирилади;
в) бошқа туман (шаҳар) ҳамда барча вилоят ва республика даволаш-профилактика муассасаларида уларнинг амалдаги штат бирликлари доирасида IT оператор – ҳамшира лавозими киритилади.
6. Бош вазир маслаҳатчиси О.М. Умаров, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Азизов):
икки ҳафта муддатда IT оператор – ҳамширалар ҳамда бошқа соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг компьютер саводхонлигини ошириш мақсадида уларни ўқитиш бўйича дастур ишлаб чиқсин;
режа-жадвалга асосан IT оператор – ҳамширалар ҳамда бошқа соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг компьютер саводхонлигини ошириш мақсадида уларни туман (шаҳар) IT марказларида бепул ўқитиш машғулотларини ташкил этсин.
7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Азизов) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (О.Пекось), бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 сентябрга қадар соҳада катта тажрибага эга бўлган маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамда ташкилотларни жалб этган ҳолда Соғлиқни сақлаш соҳасини 2025 йилгача рақамлаштириш (E-health–2025) стратегиясини ва уни амалга оширишга доир йиллар бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Давлат тиббиёт муассасаларини 2021–2023 йилларда замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминлаш режа-жадвали 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Молия вазирлиги (Т.Ишметов) 2021 йил якунига қадар 17 400 та замонавий компьютер жиҳозларини харид қилиш билан боғлиқ маблағлар халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан, етмаган қисми эса ҳар йили Давлат бюджетида Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун кўзда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилишини назарда тутсин.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари (А.Азизов)га тизимни рақамлаштириш учун замонавий компьютер ва ахборот техника воситаларини ишлаб чиқарувчиларнинг энг яхши таклифларини танлаб олиш йўли билан харид қилишга, истисно тариқасида, рухсат берилсин.
9. Белгилаб қўйилсинки:
Соғлиқни сақлаш вазирлигида марказлашган харидлар натижасида иқтисод қилинган бюджет маблағлари тиббиёт соҳасини рақамлаштиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш ва кенгайтириш, IT-соҳасидаги етакчи маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамда компанияларни жалб қилишга йўналтирилади;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимини ислоҳ қилишга ажратиладиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларда товарлар (ишлар, хизматлар)ни давлат харид комиссияси таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
10. 2021 йил 1 июлдан бошлаб туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида компьютер жиҳозлари бўйича техник ходим лавозимлари компьютер техникаси хизмати бўйича муҳандис лавозимларига алмаштирилсин ҳамда улар зиммасига замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий қилиш ҳамда ривожлантириш вазифалари юклансин.
Бунда, компьютер техникаси хизмати бўйича муҳандисларга бериладиган ҳар ойлик устама миқдори ходим лавозим маошидан
100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.
11. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда давлат тиббий суғуртаси тизими жорий этилишини тезлаштириш мақсадида 2021 йил 1 августдан бошлаб бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширсин:
тиббий жиҳозлар, буюмлар, компьютер техникаси ва бошқа воситаларни хатловдан ўтказиш, шунингдек, тиббий ходимлар рўйхатини шакллантириш;
тиббиёт муассасаларини кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматларни кўрсатиш учун зарур бўладиган тиббий техника билан жиҳозлаш;
оилавий шифокор йўлланмаси асосида кафолатланган пакетга киритилган бепул тиббий хизматлар кўрсатиш тизимини ташкил этиш.
Бош вазир ўринбосари Б.А. Мусаев, Молия вазирлиги (Т.Ишметов) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Азизов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда тиббий суғурта тизимининг алоҳида элементларини бошқа ҳудудларда жорий қилишни бошлаш юзасидан аниқ таклиф киритсин.
12. Белгилансинки, 2021 йил 1 июлдан бошлаб иш стажи беш йил бўлмаган олий маълумотли тиббиёт ходимларини нодавлат тиббиёт ташкилотларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ талаблар давлат тиббиёт муассасаларига тенглаштирилади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (Б.Юсупалиев) бир ой муддатда нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятини ташкил этишда бино ва иншоотларга белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини халқаро стандартлардан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқсин.
13. 2021–2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари филиалларини ташкил этиш режа-жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки:
а) янги ташкил қилинаётган филиаллар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббиёт муассасаларининг негизида, уларнинг амалдаги штат бирликлари ва ажратилган маблағлар доирасида, шунингдек, юридик шахс мақомга эга бўлмаган асосда ташкил қилинади;
б) соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари У.Собиров ва республика ихтисослаштирилган марказлари раҳбарлари филиаллар томонидан:
касалликларни жойларда барвақт аниқлаш, профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш, маҳорат дарсларини ўтказиш;
диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш, юқори сифатли тиббий хизматларни кўрсатиш, шу жумладан телетиббиётни жорий этиш ва ривожлантириш;
касалликлар регистрини яратиш, илмий тадқиқотларни олиб бориш ва амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, улар фаолиятига оид бошқа масалаларни (тиббий жиҳозлар ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш, малакали мутахассислар билан тўлдириш) ҳал қилиш юзасидан шахсан масъул ҳисобланади.
14. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Э.Баситханова):
а) 2021 йил 1 августдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида перинатал ва скрининг марказлари ҳамда бирламчи тиббий-санитария муассасаларидаги оналар ва болалар саломатлигига масъул тузилмалар (“Аёллар маслаҳатхонаси”,
пренатал скрининг хонаси, “тиббиёт бригадалари” таркибидаги оилавий шифокор, педиатр ва бошқалар)нинг ҳомиладор аёлни комплекс кузатуви бўйича қуйидаги чора-тадбирларни назарда тутувчи ўзаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштирилишини таъминловчи ягона тизимни жорий этсин:
ҳомиладор аёлнинг комплекс кузатуви ягона маълумотлар базасини яратиш;
перинатал ва скрининг марказлари ҳамда бирламчи тиббий-санитария муассасаларидаги оналар ва болалар саломатлигига масъул тузилмалар томонидан ягона маълумотлар базасига зарур маълумотларни киритиш, шунингдек, ҳомиладор аёлларнинг тиббий картасини юритиш;
шаклланган маълумотларга асосан ҳомиладор аёлларга зарур маслаҳатларни бериш;
б) соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари А.Азизов билан биргаликда ҳомиладор аёлни энг эрта муддатларда ҳисобга олиниши, унинг ҳар кунги ҳолатидаги ўзгаришларни комплекс назорат қилиб бориш учун 2021 йил якунига қадар ягона электрон база яратилишини таъминласин;
в) Мактабгача таълим вазирлиги (А.Шин) ва Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов) билан биргаликда икки ой муддатда мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда тўғри овқатланишни йўлга қўйиш мақсадида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб янгиланган овқатланиш рационини
ҳамда ушбу йўналиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига бўлган талабларни тасдиқласин ва амалиётга киритсин. Бунда, болаларнинг соғлиғига зарар ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган барча озиқ-овқат маҳсулотларини мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар ҳудудида сотишга чекловлар қўйилсин.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (Б.Юсупалиев) мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда болаларнинг соғлом ва хавфсиз овқатланишини таъминлаш мақсадида белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига сўзсиз риоя этилиши устидан назоратни кучайтирсин.
15. Молия вазирлиги (Т.Ишметов):
оналар ва болалар, репродуктив ёшдаги аёллар саломатлигини таъминлаш учун зарур дори ва тиббиёт воситалари (“К” витамин, сурфактант ва бошқалар) билан қўшимча таъминлаш учун Давлат бюджетидан 2021 йилда 26 миллиард сўм ажратсин, 2022 йилдан бошлаб мазкур банддаги харажатлар учун зарур маблағларни Давлат бюджети параметрларида кўзда тутсин;
болалар тиббиёт ва туғуруқ муассасаларида юқори технологик лаборатор ускуналаридан тўлақонли ва самарали фойдаланиш мақсадида
2022 йилдан бошлаб Давлат бюджетидан реактив, реагентлар, сарфлов анжомлари ҳамда сервис хизматлар учун қўшимча 8 миллиард сўм ажратсин.
16. Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни тезлаштириш бўйича “Йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
17. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини халқаро экспертлар ва ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асослантирилган буюртмаларига кўра Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Соғлиқни сақлаш стратегияси – 2030”ни ишлаб чиқиш, хорижий ва маҳаллий экспертлар ҳамда ташкилотларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш чораларини кўрсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н. Тўйчиев Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев), Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (А.Хасанов) билан биргаликда бир ой муддатда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарлари, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари фаолиятини баҳолаш тизимини жорий этсин ҳамда ҳар ярим йил якуни билан тегишли таклифларни киритиб борсин.
Бунда, натижа кўрсатган, хизмат сифатини яхшилаб, аҳолини рози қилган раҳбарларни тегишли Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими ташкилотлари маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш ҳамда ишларни қониқарсиз ташкил этган масъул кадрларга чора кўриш белгилансин.
19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш
ва қўшимчалар 4-иловага мувофиқ киритилсин.
20. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига
ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
21. Ушбу қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А.М. Хаджибаев, унинг ўринбосарлари А.Ш. Иноятов, А.А. Азизов, У.Ю. Собиров, Э.И. Баситханова, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
22. Мазкур қарорнинг ўз вақтида ва натижали ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н. Тўйчиев зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2021 йил 25 май