“Сўғдиёна”да инқироз қўнғироғи янграмоқда
Жиззахнинг "Сўғдиёна" клуби саккиз учрашувдан бери ғалаба қозона олмаяпти. "Динамо"дан қабул қилинган мағлубият жамоанинг турнир жадвалидаги аҳволини янада мураккаблаштирди.
8 ноябрь куни Суперлиганинг 27-тур учрашувлари ниҳоясига етди. Зоминдаги баҳсда "Сўғдиёна" Самарқанднинг "Динамо" жамоасини қабул қилди. Учрашув меҳмонларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Бироқ натижадан ҳам кўра, мезбонлар ўйинидаги беқарорлик кўпроқ саволлар туғдирди.
Баҳс жиззахликлар учун умидли бошланди. Ҳали иккинчи дақиқа ўтар-ўтмас, Люпчо Дориевнинг узатмасини Жавоҳир Қаҳрамонов голга айлантирди. Мезбонлар тезкор голдан кейин ҳужумкорликни давом эттириш имкониятига эга эди. Аммо вазиятдан тўлиқ фойдаланишнинг уддасидан чиқа олмади.
Учрашувнинг 29-дақиқаси мезбонлар учун ҳал қилувчи бурилиш бўлди. "Сўғдиёна" ҳимоячиси Нодиржон Сойибов рақиб ҳужумчисини тўхтатишда қоидабузарликка йўл қўйди. Бош ҳакам Равшан Абдувоҳидов уни қизил карточка билан майдондан четлатди. Шундан кейин майдондаги кучлар нисбати меҳмонлар фойдасига ўзгарди.

Орадан уч дақиқа ўтиб, Артём Радаевнинг узатмасидан сўнг Амаду Думбуя ҳисобни тенглаштирди. Биринчи бўлим якунига яқин Анваржон Ҳожимирзаевнинг зарбаси тўсинга тегди. Мезбонлар учун бу ҳам жиддий огоҳлантириш бўлди.
Иккинчи бўлимда самарқандликлар сон жиҳатидан устунликдан унумли фойдаланди. 71-дақиқада ВАР аралашувидан кейин ҳакам қарорини ўзгартирди. Дастлаб симуляция учун огоҳлантирилган Жаҳонгир Абдусаломовга кўрсатилган сариқ карточка бекор қилинди. Мезбонлар дарвозасига пенальти белгиланди. 73-дақиқада Анваржон Ҳожимирзаев тўпни аниқ тепиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. 78-дақиқада Расул Йўлдошев узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан ҳисобни мустаҳкамлади.
Шу тариқа, "Динамо" муҳим уч очкони қўлга киритди. Самарқандликлар бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам матбуот анжуманида бу натижани омад билан боғлади. "Рақиб жамоа ўйинчисининг қизил карточка олгани биз учун омадли бўлди", деди мураббий. У жамоасининг ўйинини энг яхши баҳс сифатида эътироф этмади. Бироқ унинг таъкидлашича, уч очконинг ўзи муҳим аҳамиятга эга.
Мезбонлар бош мураббийи Улуғбек Бақоев эса мағлубият сабабларини изоҳлади. “Жамоа учрашувни яхши кайфиятда ва фаол бошлади, тезкор голдан кейин яна бир нечта имкониятлар юзага келди”, деди Улуғбек Бақоев.

Мураббий кейинги воқеаларга алоҳида тўхталди. "Қўпол хато ва қизил карточка бизни синдириб қўйди", дея вазиятга баҳо берди. У футболчиларининг ҳаракатларидан норози эмаслигини ҳам билдирди. "Ҳамма ҳам хато қилади, бу футбол. Кейинги ўйинга тайёрланиш керак", деди мураббий.
Албатта, футболда бир киши камайиб қолиш жамоа имкониятларига жиддий таъсир кўрсатади. Аммо бу ҳолат барча муаммоларни фақат қизил карточка билан изоҳлашга асос бўла олмайди. Чунки "Сўғдиёна"нинг ғалабасиз серияси мазкур учрашувдан анча олдин бошланган.
Жиззахликлар сўнгги бор жорий йилнинг 5 сентябрь куни Муборакнинг "Машъал" жамоасини мағлуб этган эди. Шундан кейин жамоа саккизта учрашувда ғалаба қозона олмади. Бу даврда "Хоразм" (Урганч) билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйналди. ОКМК (Олмалиқ)га 1:2, "Локомотив" (Тошкент)га 2:3 ҳисобида имконият бой берилди. Тошкентнинг "Бунёдкор"и билан 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. Кубок баҳсида "Андижон"га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлинди. Қаршининг "Насаф" жамоаси билан ўйин 1:2, "Бухоро" билан баҳс 1:1 ҳисобида якунланди. Ниҳоят, "Динамо"дан ҳам 1:3 ҳисобида мағлубият қабул қилинди.

Бу натижалар тасодифий омадсизликдан кўра чуқурроқ муаммолар борлигини кўрсатмайдими? Саккизта баҳс давомида ғалаба қозона олмаган жамоада тактик ёндашув, ўйин интизоми ва руҳий тайёргарлик қайта кўриб чиқилиши зарур. Айниқса, бир хил муаммолар такрорланаётган бўлса, уларнинг сабабларини очиқ муҳокама қилиш муҳим.
Бақоевнинг ҳар бир мағлубиятдан кейин футболчиларини ҳимоя қилиши тушунарли. Мураббий шогирдларига ишонч билдириши ҳам керак. Аммо бу ерда бошқа савол туғилади: агар футболчиларга эътироз бўлмаса, натижалар учун масъулият кимнинг зиммасида?
Жамоанинг ички муҳити, машғулотлар жараёни ва раҳбариятнинг муносабати ҳам таҳлилга муҳтож. Клуб раҳбарияти мавжуд вазиятга қандай баҳо бермоқда? Вилоят футбол федерацияси мутасаддилари жамоадаги муаммоларни ўрганяптими? Бу саволларга очиқ муносабат билдирилиши жамоа манфаатига хизмат қилади.

Чунки "Сўғдиёна" оддий турнир иштирокчиси эмас. Жиззах вилояти футболи мухлислари учун бу клубнинг натижалари алоҳида аҳамиятга эга. Шунинг учун кетма-кет омадсизликларни оддий спорт ҳодисаси сифатида қабул қилиш тўғри бўлмайди. Мухлислар натижани ҳам, унинг сабабларини ҳам билишга ҳақли.
Айни пайтда жиззахликлар Суперлига жадвалида 12-ўринни эгаллаб турибди. Навбатдаги рақиб эса 15-поғонадаги "Қўқон-1912" бўлади. Учрашув рақиб майдонида ўтказилади. Демак, Бақоев шогирдлари учун бу баҳс нафақат уч очко, балки руҳий тикланиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим.
ФИФА кунлари муносабати билан юзага келадиган танаффусдан жамоа самарали фойдаланиши лозим. Бақоев шогирдларининг ўйинидаги камчиликларни бартараф этиш учун вақт бор. Аммо бунинг учун муаммоларни тан олиш ва уларнинг ечими устида ишлаш талаб этилади.

Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири