“Сўғдиёна” ўз уйида мағлуб бўлди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 13-туридан ўрин олган бир қатор учрашувлар якунига етди.
Турнинг марказий баҳсларидан бирида Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси сафарда «Сўғдиёна»ни йирик — 5:1 ҳисобида мағлуб этди.
Учрашувда ҳисобни 22-дақиқада мезбонлар вакили Петар Мичин очган бўлса, меҳмонлар тез орада вазиятни ўз фойдаларига ҳал қилди. Аввал Иброҳимхалил Йўлдошев (30), кейин эса Хуршид Ғиёсов (33) ва Стипе Периша (36) аниқ зарбалари билан «Нефтчи»ни 3:1 ҳисобида олдинга олиб чиқди.

Иккинчи бўлимда ҳам фарғоналиклар ташаббусни қўлдан чиқармади. Жамоа сардори Анваржон Ғофуров 55-дақиқада ҳисобни 4:1 кўринишига олиб келган бўлса, 81-дақиқада Жамшид Искандеров баҳсга нуқта қўйди — 5:1. Бу натижа орқали «Нефтчи» чемпионлик учун курашда муҳим уч очкони қўлга киритди.
Шунингдек, турнинг яна бир учрашувида Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси ўз майдонида «Хоразм»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Майдон эгалари сафида Сардор Собирхўжаев ва Чинеду гол урган бўлса, меҳмонларнинг ягона голига Лохан муаллифлик қилди.
Бухорода кечган баҳсда эса «Бухоро» жамоаси «Бунёдкор» устидан минимал — 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдаги ягона голга биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтда Асадбек Жўрабоев муаллифлик қилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА