Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонасидан хабар қилишларича, 2021 йил 3 ноябрь куни Япония ҳукумати 2021 йилнинг кузида император ордени билан мукофотланган чет эллик фуқаролар рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам киритилган.
“Япония билан Ўзбекистон ўртасида дўстлик муносабатларини илгари суриш ва икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштиришда кўп йиллик хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Солиҳович Сафоев Япониянинг “Чиқаётган қуёш Катта Кордон ордени” (Grand Cordon of the Order of the Rising Sun) билан мукофотланади”, – дейилади жумладан хабарда.
“Чиқаётган қуёш Катта Кордон ордени” фақат улкан натижаларга эришган шахсларга бериладиган Олий мукофот ҳисобланади ва у биринчи бор Ўзбекистонда берилмоқда.
Содиқ Сафоев ҳақида қисқача маълумот: Содиқ Солиҳович Сафоев Япония билан Марказий Осиё ўртасида муҳим платформа ҳисобланган “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти йўлга қўйилган пайтида Ташқи ишлар вазири эди. У кўп йиллар давомида Япония билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга, шунингдек, мазкур мулоқотни ривожлантиришга ҳисса қўшиб келди.
Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари ҳамда “Олий Мажлис – Япония Парламенти” парламентлараро гуруҳига раислик қилган пайтда у икки мамлакат парламентлари алмашинувларини ривожлантиришга ҳисса қўшди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил Японияга расмий ташрифи муваффақиятли амалга оширилишида муҳим роль ўйнади.
ЎзА