Собиқ вазир: Украина урушда мағлуб бўлмаслик учун ўзгариши шарт
Украинанинг собиқ мудофаа вазири Михаил Фёдоров мамлакат урушда секин-аста мағлуб бўлиб бораётганини айтди. Унинг фикрича, Киевда ғалаба учун аниқ стратегия йўқ, тизимдаги коррупция, таниш-билишчилик ва давлат идоралари сиёсий мустақил эмаслиги вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Шу билан бирга, ҳали вазиятни ўзгартириш имкони бор, бунинг учун бор-йўғи бир неча ой қолган.
Собиқ мулозим таъкидлашича, Россия ҳар ой ўнлаб баллистик ракета билан завод ва омборларга зарба бермоқда, снарядларни ҳавода тутиб қолиш учун зарур воситалар эса етишмаяпти. Донбассда Москва қўшини олдинга силжияпти. Киев эса ичкари ҳудудларга дрон ва ракета орқали зарбани кучайтириб, ҳарбий заводлар, нефтни қайта ишлаш корхоналарига зарар етказмоқда.
35 ёшли собиқ вазир уруш тақдирини ўзгартириш учун сунъий интеллект бошқарадиган автоном дрон, арзон тутиб қолувчи ракета ва маҳаллий баллистик ракета дастурини жадал ривожлантириш таклифини киритган. Унинг тасаввурида фронт электрон сенсор билан қамраб олиниб, рақиб ҳаракати аниқланади, қуруқлик ва ҳаводаги роботлаштирилган тизим эса инсон жанговар ҳудудда бўлишини кескин камайтиради.
Фёдоров мудофаа вазирлиги бюджети атрофидаги тортишувга ҳам тўхталди. Президент Владимир Зеленский олдиндан маблағ сарфланиши натижасида 27 миллиард доллар тақчиллик юзага келганини айтган. Собиқ вазир бу рақам қаердан олинганини билмаслигини билдирди. Унинг тахминича, йил охирида тахминан 5 миллиард долларга етадиган камомадни тежамкор харид ва халқаро ёрдам ҳисобидан қоплаш кўзда тутилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА