| Y | D | S | CH | P | J | SH |
|---|---|---|---|---|---|---|
| 1 | 2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 |
| 8 | 9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 |
| 15 | 16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 |
| 22 | 23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 |
| 29 | 30 | 1 | 2 | 3 | 4 | 5 |
Собиқ ўқувчи қурган мактабнинг қандай афзалликлари бор?

ФОТОРЕПОРТАЖ
Янги ўқув йили арафасида Самарқанд шаҳридаги 52-умумтаълим мактабининг 540 ўринли қўшимча ўқув биноси фойдаланишга топширилган эди. Эътиборлиси, бино шу мактабнинг собиқ ўқувчиси, айни пайтда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи Илҳом Рустамов томонидан 15 миллиард сўм маблағ ҳисобига бунёд этилди.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ушбу муассасага ташкил этилган пресс-турда оммавий ахборот воситалари вакиллари мактабда яратилган шароитлар билан таништирилди.
- Мактабимизнинг 960 ўринли эски биноси 1965 йилда қурилган бўлиб, таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди, - дейди мактаб директори Феруза Нажмиддинова. - Шу билан бирга, ўқувчилар сони кўпайгани учун хоналар етишмасди, мактабда спорт майдончаси йўқ эди. Собиқ ўқувчимиз, тадбиркор Илҳом Рустамов мактабимиз учун янги ўқув бино қуриб бериш ташаббуси билан чиқди. Биз бу ташаббусни қўллаб-қувватладик ва қисқа фурсатда 540 ўринли замонавий таълим маскани барпо этилди. Тўрт қаватли бинода ўқув хоналари, касб-ҳунарга ўргатиш маркази, ахборот технологиялари, чет тилларини чуқур ўқитиш хоналари, кутубхона ва ошхона ташкил этилан. Шунингдек, тадбиркор мактабнинг 960 ўринли эски биносини ҳам мукаммал таъмирлаб, учта спорт майдончаси қуриб берди.
Пресс-тур давомида журналистларга вилоятдаги таълим муассасаларини қуриш, таъмирлаш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамовнинг таъкидлашича, кейинги икки йилда юздан зиёд таълим ташкилотида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Шу жумладан, 10 га яқин муассасани барпо этиш ва реконструкция қилишда тадбиркорлар бевосита ҳомийлик қилган.
Жорий йилги “Ташаббусли бюджет” дастурининг 1-мавсумида вилоятдаги 51 та таълим объектида қурилиш, таъмирлаш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш учун 74 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА
Муаллиф: alisherisroilov




