15 апрель куни Ўзбекистон ва Покистоннинг етакчи таҳлилий тузилмалари ўртасида «Ўзбекистон - Покистон: ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари» мавзусида видеоконференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Покистоннинг Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда икки мамлакатнинг етакчи илмий-тадқиқот институтлари ва ақл марказларининг таниқли олимлари ва мутахассислари иштирок этди.
Онлайн мулоқот давомида Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш фонида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Онлайн тадбирни очар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акромжон Неъматов ушбу тадбирнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Имрон Хон ўртасида ўтказилган икки томонлама юқори даражадаги саммит якунлангандан сўнг дарҳол бўлиб ўтаётганини аҳамиятлилигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, раҳбарлар учрашуви анъанавий равишда юқори ўзаро англашув, чуқур ҳурмат ва самимий дўстлик тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Покистон муносабатларида янги бошланғич нуқтани белгилаб берди.
Улар томонидан билдирилган баёнотларда ўзаро манфаатли алоқаларнинг барқарор моделини барпо этиш, мавжуд ҳамкорлик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишни кўзда тутувчи қатъий фикрлар билдирилганлиги алоҳида қайд этилди.
Шу аснода СМТИ вакили бугунги кунда Тошкент ва Исломобод тарихий алоқаларни қайта тиклаш йўлидан борганини мамнуният билан таъкидлади.
Шунингдек, Акромжон Неъматов, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик даражасига кўтарилган муносабатлар савдо, туризм, транспорт ва саноат ҳамкорлиги соҳасида сезиларли ўсиш учун улкан салоҳиятга эгалигини айтиб ўтди.
Покистоннинг стратегик ва глобал тадқиқотлар маркази президенти Холид Амир Жаффрининг сўзларига кўра, икки мамлакат раҳбарлари ўртасида 14 апрель куни бўлиб ўтган саммит ушбу мақсадларга эришиш учун, шубҳасиз, кучли туртки бўлди.
Улар кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш бўйича аниқ қадамларни белгилаб олишди. Шу билан бирга, эксперт 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми тўрт бараварга ортганини, аммо мамлакатлар ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш учун фойдаланилмаган улкан салоҳиятга эга эканлигини айтиб ўтди. Унинг фикрича, томонлар транспорт ва коммуникация соҳасида муҳим истиқболлар очмоқда. Хусусан, Транс-афғон темир йўлининг амалга оширилиши Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини тубдан оширади ва Европа ва Осиёни энг қисқа қуруқлик йўли билан боғлайдиган кўприк сифатида минтақанинг тарихий ролини жонлантиради.
Пешовар университети Марказий Осиё тадқиқотлари маркази директори Шабир Аҳмад Хоннинг сўзларига кўра, темир йўлнинг ишга туширилиши, бир вақтлар Ипак йўли даврида гуллаб-яшнаган Кушон подшолигининг қадимги пойтахтлар бўлган Термиз ва Пешовар шаҳарларининг тарихий ўзаро боғлиқлигини тиклашда муҳим воқеа бўлади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги (боғдорчилик, пахтани қайта ишлаш) ва фармацевтика каби соҳалар ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига айланиши мумкин.
Покистон Глобал ва стратегик тадқиқотлар таҳлилий маркази мутахассиси Маҳмуд ул-Хасаннинг фикрича, Ўзбекистоннинг чуқур ўйланган ташқи сиёсати Марказий ва Жанубий Осиёнинг барча давлатлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни яқинлаштириш ва мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шундай қилиб, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги минтақалараро савдо ҳажми ҳар йили ўртача 50 фоизга ўсиб бормоқда. Шу билан бирга, экспертнинг фикрига кўра, Ўзбекистон раҳбарининг «иқтисодий дипломатияси» алоҳида эътиборга лойиқдир, натижада 2017 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон ва минтақа мамлакатлари ўртасида 300 дан ортиқ шартномалар имзоланди.
Покистонлик Марказий ва Жанубий Осиё тадқиқотлари бўйича мутахассиси доктор Сайид Муҳаммад Али ҳамкасбларининг транс-афғон коридорини барпо этишнинг муҳимлиги ҳақидаги фикрларини тўлдириб, ушбу ҳамкорликда илгари сурилган лойиҳа минтақавий алоқаларни тиклашнинг ёрқин омили эканлигини айтди.
Покистонлик мутахассис Ўзбекистон ва Покистоннинг Афғонистонга нисбатан тинчлик дипломатиясини ва уларнинг келишув жараёнидаги ролини юқори баҳолаган ҳолда, кенг кўламда қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзаро саъй-ҳаракатлар афғон можаросини тезроқ сиёсий ечимини топишда муҳимлигини қайд этди.
«Афғонистондаги тинчлик ва хавфсизлик Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларига катта иқтисодий фойда олишга ва ҳали ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланишга имкон беради», - дея хулоса қилди покистонлик мутахассис.
Ўз навбатида, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил марказининг етакчи илмий ходими Шаҳодат Хошимова Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлардаги чуқур тарихий ва муштарак маданий илдизлар давлатлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётганига ишонч билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Тошкент ва Исломобод ушбу йўналишда ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларга эга.
Шундай қилиб, бугунги кунда Исломободда Ўзбекистон Туризм Маркази муваффақиятли фаолият юритмоқда ва 2020 йилда Покистондаги «Нақшбандия» ҳаракатининг етакчиларидан бири Ҳ.Раҳмон Ўзбекистон Зиёрат туризмининг Покистондаги элчиси этиб тайинланди.
Бундан ташқари, бугунги кунда покистонлик ёшларнинг Ўзбекистонда таълим олишга бўлган қизиқиши ҳам доимий равишда ошиб бормоқда. Агар 2019 йилда ўзбек олий ўқув юртларида таҳсил олаётган покистонлик талабалар сони 27 кишини ташкил этган бўлса, 2020 йил охирига келиб уларнинг сони 232 тага етди.
Тадбир якунида, видеоконференция иштирокчилари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини ишлаб чиқиш учун икки мамлакат таҳлилий тузилмалари ўртасида мунтазам равишда фикр алмашиш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.