Жорий йилнинг 22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти Мувофиқлаштириш-маслаҳат кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Кенгаш фаолияти ички ва ташқи сиёсатни амалга ошириш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтини ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, хавфсизлики таъминлаш, Институтнинг мамлакатимизни барқарор ривожлантириш бўйича олиб бораётган ишларига кўмаклашишга қаратилган. Кенгашнинг асосий вазифаси – республикамиздаги илмий-тадқиқот институтлари, ахборот-таҳлил марказлари ва таълим тузилмалари билан ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳисобланади.
Хусусан, йиғилишда давлат сиёсати ва устувор йўналишларини амалга оширишга жалб қилинган 40 дан зиёд вазирлик ва идораларнинг етакчи олимлари, экспертлар ва мутахассислар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг директори Элдор Арипов йиғилишни очиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифалар нуқтаи назаридан, сифатли илмий тадқиқотларга талаб катта эканига алоҳида эътибор қаратди.
Масалан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар янгилиги ва кўлами бўйича мураккаб мақсад ва вазифаларни кун тартибига қўймоқда. Бу мақсадларга замонавий, илмий асосланган изчил ёндашувлардан самарали фойдаланиш ва уйғунлаштириш орқали эришиш мумкин.
Тадбир доирасида Институтнинг директор ўринбосарлари ва етакчи экспертлари томонидан эришилган натижалар тўғрисида маълумот тақдим этилди, мамлакатнинг ташқи ва ички сиёсатини ахборий-таҳлилий кузатиш соҳасидаги фаолият якунлари, Институт зиммасига юкланган вазифаларни бажаришдаги мавжуд қийинчиликлар танқидий таҳлил қилинди.
СМТИ ҳузуридаги Мувофиқлаштириш-маслаҳат кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти ислоҳотлари дастурини амалга оширишда эксперт ҳамроҳлиги ва қўллаб-қувватлашини таъминлашга қаратилган таҳилий марказлар, вазирлик ва идоралар, илмий ишлаб чиқариш бирлашмалари, таълим ва илмий муассасаларнинг ҳамкорлик қилиши учун ишчи майдончаси бўлиши кераклиги қайд этилди.
Шу билан бирга бугунги кунда Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтига давлат ва жамият қурилишининг турли соҳаларида инновацион ғояларни бериши, бу борадаги “ноу-хау” лардан фойдаланишда таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ёрдам кўрсатиши ҳам керак.
Шунингдек, йиғилиш қатнашчилари қўшма иш услублари ва форматларини ташкиллаштириш масалалари, истиқболли илмий тадқиқотлар ва амалий тадқиқотларнинг долзарб мавзуларини муҳокама қилди, Мувофиқлаштириш-маслаҳат кенгашининг 2021 йилги Иш режасини тасдиқлади.
Тадбир якунида иштирокчилар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар илмий-таҳлилий ишларга янгича туртки бериб, давлат органларининг сифатли таҳлилий маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондиришга имкон беради, деб ишонч билдирди. Бу давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларга ижобий ҳисса қўшади.