Смита Пант: Ҳиндистон аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим натижаларга эришди
Ҳиндистонда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш ҳамда сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Кейинги йилларда мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, профилактик тиббиётни ривожлантириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант хоним ЎзА мухбирига интервью берди:
– Миллий оила саломатлиги тадқиқоти (National Family Health Survey — NFHS) мамлакатимизда аҳоли саломатлиги, оналар ва болалар муҳофазаси, овқатланиш, оилани режалаштириш, эмлаш ва ижтимоий ривожланишга оид асосий кўрсаткичларни баҳолайдиган энг йирик миллий тадқиқотлардан биридир. Унинг натижалари соғлиқни сақлаш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширилаётган дастурлар самарадорлигини баҳолашда муҳим аҳамият касб этади.
2023-2024 йилларда ўтказилган “NFHS-6” тадқиқоти Ҳиндистоннинг 715 та туманидаги қарийб 679 минг хонадонни қамраб олди. Унинг натижалари мамлакатда аҳоли саломатлиги, овқатланиш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида барқарор ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини кўрсатди.
Хусусан, ҳомиладор аёлларнинг 95,9 фоизи антенатал тиббий кузатув билан қамраб олинди. Тиббиёт муассасаларида амалга оширилган туғуруқлар улуши 88,6 фоиздан 90,6 фоизга, малакали тиббиёт ходимлари иштирокида қабул қилинган туғруқлар эса 89,4 фоиздан 91,3 фоизга етди. Янги туғилган чақалоқларга туғуруқдан кейинги тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ҳам сезиларли ошди.
Болаларни эмлаш қамрови ҳам кенгайди. 12-23 ойлик болаларнинг тўлиқ эмланиш даражаси 83,8 фоиздан 87,1 фоизга етди. Уларнинг аксарияти давлат тиббиёт муассасаларида эмланди. Болалар овқатланиши кўрсаткичлари ҳам яхшиланди. Олти ойгача бўлган болаларнинг 95,6 фоизи она сути билан озиқлантирилди. Беш ёшгача бўлган болалар орасида бўй ўсишининг ортда қолиши 35,5 фоиздан 29,3 фоизга камайди. Бу натижалар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари самарадорлигини кўрсатади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида аҳолининг молиявий ҳимоясини кучайтириш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Хонадонларнинг тиббий суғурта ва соғлиқни сақлашни молиялаштириш дастурлари билан қамрови 41 фоиздан 60,2 фоизга ошди. Айниқса, “Ayushman Bharat – Pradhan Mantri Jan Arogya Yojana” дастури эҳтиёжманд аҳоли қатламлари учун сифатли ва ҳамёнбоп тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирди.
Аёлларнинг иқтисодий ва рақамли имкониятларини кенгайтириш борасида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилди. Интернетдан фойдаланувчи аёллар улуши 33,3 фоиздан 64,3 фоизга, мустақил банк ёки жамғарма ҳисоб рақамига эга аёллар улуши 78,6 фоиздан 89 фоизга ошди.
“NFHS-6” натижалари Ҳиндистонда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оналар ва болалар саломатлигини яхшилаш, овқатланиш сифатини ошириш, тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш ҳамда аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсати самарали натижа бераётганига ишорадир.
Айни вақтда тадқиқот келгусида устувор эътибор қаратилиши лозим бўлган вазифаларни ҳам қўймоқда. Хусусан, юқумсиз касалликлар, носоғлом турмуш тарзи, овқатланиш мувозанатининг бузилиши ҳамда катталар орасида ортиқча вазн ва семизликнинг ортиб бораётгани профилактик тиббиёт ва соғлом турмуш тарзини янада кенг тарғиб қилиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Биз соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратамиз. Ўзбекистон билан ҳам тиббиёт, фармацевтика, тиббий таълим, рақамли соғлиқни сақлаш ва жамоат саломатлиги йўналишларида ҳамкорлик учун катта имкониятлар мавжуд. Ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш натижасида мамлакатларимиз аҳолиси саломатлиги ва фаровонлигини янада юксалтириш мумкин, деб ишонаман.
Умуман олганда, Миллий оила саломатлиги тадқиқотининг олтинчи босқичи натижалари Ҳиндистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва инсон капиталини ривожлантириш борасида изчил тараққиётга эришаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.