“SMART SUD” концепциясини жорий этишдан қандай мақсадлар кўзланган?
Муносабат
Айтиш лозимки, бугунги глoбаллашув шарoитида рақамли технологиялар бутун дунё бўйлaб барча соҳaларга кенг жoрий этилиб, инсoният ҳaёт тарзига жадал кириб бoрмоқдa. Бу йўналишда самарали ишларга қўл урaётган давлатлар тез тараққий этаётгани кузатилмоқда.
Маълумки, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга ошириш бўйича давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги президентнинг тегишли фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик ва экспертлик муҳокамаларидан ўтказилмоқда.
Лойиҳада “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 5 та устувор йўналиши бўйича 2025 йил учун амалий чора-тадбирлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ва ҳар бир йўналиш кесимидаги мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилган. Давлат дастури лойиҳасининг 4-йўналиши ҳисобланган “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” йўналишида 34 та амалий тадбир режаси, 22 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва 40 та мақсадли кўрсаткич назарда тутилган.
Хусусан, лойиҳада Конституция ва қонунларнинг устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш мақсадида судлар фаолиятини рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш кўзланган.
Бунда судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, “SMART SUD” концепцияси асосида ишларни босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклда юритиш амалиётини жорий қилиш ва Олий суд ҳузурида Ахборот технологиялари марказини ташкил этиш кўзда тутилган.
Судлар фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш эса бир қатор қулайликларни вужудга келтиради. Хусусан, электрон ҳужжатлар айланишини тезлаштириш, тегишли ахборотларни тўплаш, ишлаш, тизимлаштириш ва сақланишини таъминлайди. Шу билан бирга, суд муҳокамаси иштирокчиларини ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилиш каби қулайлик яратади. Бугунги кунга келиб судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг бир қатор дастурлари татбиқ этилди. Хусусан, судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш белгиланди.
Шунингдек, суд қарорларини интернет тармоғида эълон қилиш ва уни фуқаролар осон олиши, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш, ҳар қандай юридик ва жисмоний шахс даъво ариза ва шикоятларини exsud.sud.uz сайти орқали электрон кўринишда тақдим этиши мумкин.
Олий суд томонидан my.sud.uz сайти орқали “Судга электрон мурожаат юбориш”, “Судга мурожаат намуналари”, “Давлат божи калькулятори”, “Электрон тўлов тизими”, “Суд қарорларини онлайн олиш” каби интерактив хизматларнинг йўлга қўйилгани фуқароларнинг мурожаат қилиш имкониятини кенгайтирмоқда. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йилда “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганини қайд этиш лозим. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, сунъий интеллект технологиялари ривожланишининг жорий ҳолати ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизда сунъий интеллектни кенг қўллаш, жадал ривожлантириш мақсад ва вазифалари белгиланди.
Дарҳақиқат, ислоҳотлар аҳолининг давлатга ва суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини юксалтириб, жамиятда ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Судлар фаолиятини рақамлаштириш ва “SMART SUD” концепциясини жорий этиш орқали одил судлов сифатини янада яхшилаш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини ошириш кўзланган. Бу, шубҳасиз, халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга замин яратади.
Бундан ташқари, суд процессида сунъий интеллектдан фойдаланиш судьянинг таҳлилий ишини оптималлаштириш, процессуал тежамкорлик тамойилини амалга оширишни таъминлаши мумкин. Бу эса низоларни кўриб чиқиш вақтини қисқартиради. Шунингдек, сунъий интеллект суд қарорларини чиқаришда юзага келиши мумкин бўлган хатоларни камайтириш орқали қарорларнинг асослилигини янги босқичга олиб чиқишга ва суд иш юкламасини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, фуқаролик суд ишларини юритишни рақамлаштириш, шубҳасиз, суд орқали ҳимояланиш учун қулайликлар яратади. Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, иш сифатини таъминлаб, муайян вазифаларни амалга оширишни соддалаштиради.
Инобат Ҳакимова,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси
ЎзА