Сирожиддин МУҲРИДДИН: “Тожикистон элчихонасида дипломатлар учун барча шароит яратилган” (+видео)
27 март куни Тожикистоннинг Тошкент шаҳридаги элчихонаси янги биноси фойдаланишга топширилди.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон рамзий тасмани кесиб, дипломатик ваколатхонанинг янги биносини тантанали равишда очдилар.
Ушбу қизғин паллада тадбир қатнашчилари бахтиёр, қувончда эди. Зеро, икки мамлакат дипломатлари бу кунни кутаётганди. Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин МУҲРИДДИН ЎзА мухбирига интервью бериб, ўз фикрларини изҳор этди:
– Ҳақиқатдан ҳам Наврўз айёми арафаси Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари учун тарихий воқеага бой бўлмоқда. Аввало, Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши жуда юқори руҳда, мазмунли даражада ўтди, – деди вазир.

Яна бир муҳим воқеа гувоҳи бўлдикки, муҳтарам Президентларимиз Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси янги биносини очиб бердилар. Ушбу маросим ҳам тарихий аҳамият касб этмоқда.
Биз, дипломатлар, ушбу тадбир Президентлар даражасида ташкил этилганидан жуда мамнунмиз. Ўзбекистон томонига чуқур миннатдорлик билдирамиз. Улар бизга ҳар томонлама ёрдам кўрсатди. Энг яхши жой ажратилди ва натижада жуда гўзал бино қад ростлади.

Бу ерда дипломатлар фаолияти ва яшаши учун барча шароит яратилган. Буни ўзбек дипломатиясининг ютуғи, деб баҳолайман. Чунки дипломат ҳамкасбларимиз барча босқичларда бизга яқиндан кўмак берди.
Ўтган йили Душанбе шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси янги биноси очилган эди ва у ҳам шаҳарнинг энг яхши жойларидан бирида жойлашган.
Ишонаманки, бу воқеа мамлакатларимиз ўртасидаги қардошлик муносабатларини янада мустаҳкамлайди ҳамда икки халқ манфаатига хизмат қиладиган муҳим лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/uXA7y9qzTfg?si=286zUAFkmKfzEM3u" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Искандар ИСМАТОВ (видео),
ЎзА