"Сирли йўллар босиб, кезаман осмон...", Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек
Сирли йўллар босиб, кезаман осмон,
Ўйлайман, ўйлайман, сира билмайман,
Осмонга сепилган олтиндан сомон.
Ҳақиқат нимадир, ўйлайман ҳамон…
Бу сўзлар юрак кечинмаларининг ёдномаси бўлиб битилган сатрлардир. У юракнинг соҳиби эса Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек.
ХХ аср ўзбек адабиётининг ривожига улкан ва бебаҳо ҳисса қўшган улуғ адиб, шоир, олим, жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек 1905 йилнинг 10 январида Тошкент шаҳрида бўзчи оиласида дунёга келди.
Олдин ўрта мактабда, 1922-1925 йилларда эса Тошкент таълим ва тарбия техникумида таҳсил олган Ойбек кейинчалик Ўрта Осиё давлат университетининг ижтимоий фанлар факультетида ўқиди. 1930 йили университетни тугатиб, шу ерда сиёсий иқтисоддан дарс берди.
Ойбек адабиётга 1926 йили чоп этилган “Туйғулар” шеърий тўплами билан кириб келади. Шоирнинг “Дилбар – давр қизи”, “Ўч”, “Бахтигул ва Соғиндиқ”, “Темирчи Жўра” достонлари ўз даврининг шеърий йилномаларидир.
У тарихий ва замонавий мавзуларда йигирмага яқин достонлар яратади. Ойбек шеърияти содда, равон, ранг-баранг тасаввурга чорловчи тасвирлари билан алоҳида эътиборга сазовор.
Жумладан, у:
Ёр кетди, кўзим булоғи қолди,
Сийнамда тирик фироқи қолди.
Ишқ хотираси каби сочимнинг
Ёшликда кўпайган оқи қолди...
дея ёзади бир шеърида.
Ойбек моҳир шоир бўлгани каби етук романнавис ҳам эди. У яратган “Қутлуғ қон”, “Навоий”, “Улуғ йўл”, “Олтин водийдан шабадалар”, “Қуёш қораймас” каби эпик полотнолар ўзбек реалистик насри тараққиётида муҳим даврни ташкил этади.
“Навоий” романида ўзбек адабиётида биринчи бўлиб улуғ мутафаккир Алишер Навоий образи қад ростлади.
Ижодкорнинг “Олтин водийдан шабадалар” асарида халқимизнинг урушдан сўнгги даврдаги яратувчилик меҳнати, “Қуёш қораймас” романида Иккинчи жаҳон уруши фожиалари ўз ифодасини топди. Адибнинг “Улуғ йўл” асари эса “Қутлуғ қон” романининг мантиқий давоми бўлиб, унда ёзувчи халқ миллий онгининг шаклланишини кўрсатади.
Ойбек 1949 йилда Покистонга саёҳат қилади. Адиб қардош халқ ҳаётини, кураш ва интилишларини “Покистон хотиралари” очеркларида, қатор шеърлари, “Зафар ва Заҳро”, “Ҳақгўйлар” достонларида ҳамда “Нур қидириб” қиссасида тасвирлаган.
Адибнинг “Болалик хотираларим” автобиографик қиссаси 1963 йилда яратилган бўлиб, қиссанинг бош қаҳрамони ёш Мусо, яъни Ойбекнинг ўзи бўлди.
Ойбек истеъдодли шоир, йирик носиргина эмас, машҳур олим, публицист, танқидчи, таржимон ва жамоат арбоби ҳам эди. Ўзбек китобхони Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романини, Лермонтовнинг “Маскарад”, Мольернинг “Тартюф” драмаларини, антик адабиёт намуналарини Ойбек таржимасида ўқишга муяссар бўлган.
Адиб 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясига ҳақиқий аъзо этиб сайланади ва 1950 йилгача академияда ижтимоий фанлар бўлимининг раиси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг биринчи котиби бўлиб ишлади. У юқори малакали филологларни тайёрлаган устоз бўлди.
Ойбек 1968 йилда оламдан ўтди. Унинг асарлари ўзбек адабиётининг сара намуналари бўлиб яшамоқда. Маҳорати эса ёш ёзувчилар учун ижод дорилфунунидир. Тошкентнинг “Ишчилар шаҳарчаси” деб аталган даҳаларидан бирида 1940-1968 йилга қадар, яъни ҳаётининг сўнгги дақиқаларигача ўзбек адиби ва жамоат арбоби Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек яшаб, ижод қилган музей бор. Ушбу уй-музейи адиб туғилган куннинг 75 йиллиги муносабати билан 1980 йилда барпо этилган эди.
Адибнинг 20 жилдлик тўла асарлари мажмуаси нашр этилган бўлиб, шу орқали унинг ўлмас асарлари маънавий хазинамиздан мустаҳкам ўрин олди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ойбек 2000 йил ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси туфайли “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА