Сирдарёлик ўқувчилар халқаро олимпиадада муваффақият қозонишди
Сирдарёлик икки нафар ёш билимдон — Зайниддин Илҳомов ва Муҳаммадали Ўктамовлар Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўтказилган билимлар беллашуви — халқаро олимпиадада ўз ёш тоифаларида суперчемпионлик унвонини қўлга киритишиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчилари иштирок этган мазкур олимпиада ментал арифметика, математика, рус тили ҳамда инглиз тили фанларини қамраб олди. Турли ёш тоифаларида ташкил этилган беллашувда қатнашчилар билим ва кўникмалари билан бирга, тезкор фикрлаш, мантиқий таҳлил қилиш ва мураккаб топшириқларни мустақил бажариш қобилиятларини ҳам намоён этдилар.
Гулистон шаҳридаги «Ментал Кидс» болаларни ақлий ривожлантириш маркази ўқитувчиси Нафиса Маматқулованинг шогирдлари ҳам беллашувда муносиб иштирок этиб, ўз ёш тоифаларида энг юқори натижани қайд этди.
Ментал арифметика болаларда оғзаки ҳисоблаш малакасини ривожлантириш билан бирга, диққатни жамлаш, хотирани мустаҳкамлаш, тез ва аниқ фикрлаш каби муҳим қобилиятларни шакллантиришга хизмат қилади. Бундай халқаро мусобақалар эса ёш иқтидор эгаларининг салоҳиятини намоён этиши, тенгдошлари билан тажриба алмашиши ва ўз имкониятларини синовдан ўтказиши учун кенг йўл очади.

— Икки нафар ўқувчимизнинг ушбу нуфузли халқаро мусобақада иштирок этиб, юксак натижага эришгани нафақат уларнинг ота-оналари, балки биз устозлар ва тенгдошлари учун ҳам катта қувонч бағишлади. Бу ютуқ ортида болаларнинг тинимсиз изланиши, машғулотлардаги тиришқоқлиги ва ўз устида ишлаши мужассам. Ишонаманки, бу муваффақият уларни келгусида янада катта марралар сари ундайди, — деди ёш ғолибларнинг устози Нафиса Маматқулова.
Сирдарёлик болаларнинг халқаро майдондаги муваффақияти устоз меҳнати, ўқувчиларнинг интилиши ва ота-оналар кўмаги уйғунлигининг самарасидир. Бу каби натижалар вилоятда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг билим салоҳиятини юксалтириш йўлидаги интилишларга янги куч бағишлайди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири