Мурожаатдан амалий ечимгача
Урганч шаҳрида Хоразм вилоят судлари раислари, судьялар, вилоят адлия ва солиқ бошқармалари, Бизнес-омбудсманнинг ҳудудий шуъбаси, Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси, кадастр органлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Учрашувда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида учраётган банк кредитлари бўйича низолар, гаровга қўйилган мол-мулк билан боғлиқ масалалар, солиқ текширувларининг қонунийлиги, шунингдек, қурилиш жараёнларида юзага келаётган келишмовчиликлар муҳокама қилинди.

– Тадбиркорлик фаолиятида юзага келаётган муаммоларни ўрганиш, уларнинг қонуний ечимига кўмаклашиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш Хоразм вилоят судлари ташаббуси билан ташкил этилаётган очиқ мулоқотларнинг асосий мақсадидир, – дейди Хоразм вилоят суди раиси Шуҳрат Камолов. – Таъкидлаш жоизки, ҳар ҳафтанинг чоршанба куни ўтказилаётган бундай очиқ мулоқотлар тадбиркорлар билан бевосита мулоқот ўрнатиш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Мулоқот давомида тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифлари тингланиб, кўтарилган масалалар судьялар ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида атрофлича кўриб чиқилди. Тадбиркорларга амалдаги қонунчилик талаблари, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш тартиби юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, қўшимча ўрганишни талаб этадиган мурожаатларни ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликда кўриб чиқиш, мавжуд муаммоларнинг қонуний ечимини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири