Сирдарёда Соҳибқирон таваллуди кенг нишонланди
Буюк давлат арбоби, маҳоратли саркарда ва марказлашган давлат асосчиси Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилоятида кенг қамровли маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ўтказилди. Ушбу тантаналар нафақат тарихий меросга эҳтиром, балки миллий ўзликни англаш ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган муҳим маънавий ҳаракат сифатида намоён бўлди.
Байрам шодиёналари Гулистон шаҳридаги Ислом Каримов кўчаси бўйлаб ўтказилган тантанавор ҳарбий парад билан бошланди. Чегара қўшинлари, Миллий гвардия, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ва божхона тизими ходимларининг шахсий таркиби ҳамда замонавий ҳарбий техникалар намойиши мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини яққол кўз-кўз қилди. Фахрий қоровул ва ҳарбий оркестрнинг садолари остида ўтган тадбир йиғилганларда миллий армиямизга нисбатан фахр ва ифтихор туйғусини янада мустаҳкамлади.
Тантаналарнинг мантиқий давоми сифатида вилоят мусиқали драма театри майдонида ташкил этилган қурол-яроғлар кўргазмаси ва Соҳибқирон сиймоси акс этган тасвирий санъат асарлари намойиши барча авлод вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, театр саҳнасида намойиш этилган театрлаштирилган байрам дастури томошабинларни Амир Темур яшаган давр муҳитига қайтарди. Тарихий образлар, хусусан, Бибихоним сиймоси орқали Соҳибқироннинг иродаси, давлатчилик тафаккури ва буюк мақсадлари таъсирчан бадиий бўёқларда гавдалантирилди.
[gallery-28661]
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси Ғайбулла Юсупов ушбу байрам тадбирлари давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги тегишли қарори ижроси доирасида юксак даражада ташкил этилаётганини таъкидлади. Шунингдек, тарихчи олим Солижон Қудратов ва Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Муроджон Ҳайитовлар ўз чиқишларида Амир Темур барпо этган адолат ва тартибга асосланган бошқарув тизими, “Темур тузуклари” асарининг бугунги кун раҳбар кадрлари ва ёш авлод тарбияси учун ибрат мактаби эканига алоҳида тўхталиб ўтди.
Тарихдан маълумки, Соҳибқирон Амир Темур тарқоқ ҳудудларни бирлаштириб, Амударё ва Сирдарё оралиғидан тортиб Босфоргача бўлган кенг сарҳадларда қудратли салтанат барпо этган. Темурийлар даврида Мовароуннаҳр илм-фан, маданият ва меъморчилик марказига айланиб, жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган. Бугун Сирдарёда ўтказилган тантаналар мана шу бой меросни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш йўлидаги хайрли ишлардан биридир. Зеро, буюк аждодлар хотирасини эъзозлаш — жамиятда барқарор маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ва Ватанга муҳаббат туйғусини юксалтиришнинг энг муҳим омили бўлиб қолаверади.
Ғулом Примов, Достон Қаландаров (сурат), ЎзА