Сирдарёда рақамли касблар кўлами кенгаймоқда
Сирдарёда аутсорсинг хизматлари кўрсатувчи Pandaex компанияси рақамли соҳада яна 80 та янги иш ўрни ташкил этади. Хусусан, Сирдарё туманида 50 та, Ширин шаҳрида 30 та иш ўрни яратилади, Сардоба туманида эса компания филиали очилади. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг IT Park резиденти — Pandaex компанияси вакиллари билан учрашувида маълум қилинди.
Аҳамиятли томони Бизнес жараёнларини аутсорсинг қилиш (BPO) йўналишида иш юритаётган Pandaex компаниясининг Гулистон шаҳридаги офисида айни пайтда 100 нафардан ортиқ мутахассис фаолият олиб бормоқда. Улар Сирдарёдан туриб халқаро буюртмачиларга, жумладан, Россиядаги компанияларга хизмат кўрсатади.
Компаниянинг ҳудудларда фаолиятини кенгайтириш режаси рақамли хизматлар соҳасида янги иш ўринлари яратиш, ёшларни замонавий касбларга жалб этиш ва уларга халқаро бозор билан ишлаш имконини беришга қаратилган. Хусусан, Сирдарё туманида 50 та, Ширин шаҳрида 30 та янги иш ўрни ташкил этилади. Сардоба туманида эса компаниянинг янги филиалини очиш имкониятлари кўриб чиқилди. Бу ерда маҳаллий кадрларни ишга жалб этиш ва хорижий буюртмалар билан ишлаш кўламини ошириш кўзда тутилган.

Рақамли хизматларни ҳудудларга олиб кириш учун зарур инфратузилма ҳам яратилмоқда. Гулистонда IT Park филиалининг янги биноси барпо этилмоқда. Янгиерда эса BPO компаниялари, стартаплар ва хорижий технологик компаниялар учун мўлжалланган IT-марказ қурилмоқда.
IT Park маълумотларига кўра, Гулистонда стартап-марказ ташкил этиш режалаштирилган. Янгиердаги IT марказ технологик компанияларни жалб қилиш, бизнес фаоллигини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш учун хизмат қилади.
Сирдарё вилояти ҳокимининг сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Ойбек Анваровнинг таъкидлашича, рақамли инфратузилманинг ривожланиши ҳудудда янги йўналишларни шакллантириш ва ёшларни замонавий касбларга йўналтириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
— Гулистонда IT Park филиалининг янги биноси барпо этилмоқда, Янгиерда эса BPO компаниялари, стартаплар ва хорижий технологик компанияларни жойлаштиришга мўлжалланган IT марказ қурилмоқда. Бу инфратузилма ёшларни замонавий касбларга жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ва Сирдарёдан туриб халқаро бозорларга хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиради, — деди Ойбек Анваров.

Сирдарёга сафари давомида Шерзод Шерматов Гулистон шаҳридаги «Келажак» маркази фаолияти билан ҳам танишди. Марказда ёшлар компьютер саводхонлиги, дастурлаш асослари ва рақамли технологиялар бўйича билим ва кўникмаларини оширади.
«Келажак ТВ» студиясида ёшларга контент яратиш, ижтимоий тармоқларда лойиҳаларни тарғиб қилиш ва рақамли медиадан самарали фойдаланиш бўйича кўникмалар берилади.

Рақамли таълим, BPO хизматлари ва IT инфратузилмасининг уйғун ривожи ёшлар учун янги касб ва меҳнат имкониятларини кенгайтиради. Бу жараён Сирдарё ёшларига замонавий касбларни ўз ҳудудида эгаллаш, хорижий буюртмачилар билан ишлаш ва халқаро хизматлар бозорига чиқиш учун йўл очади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири