Сирдарёда «Плоггинг» акцияси ўтказилди
Бир вақтнинг ўзида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида қарийб 1000 нафар ёш атроф-муҳит тозалиги учун ҳаракатга қўшилди.
Соғлом турмуш тарзи ва экологик маданиятни бирлаштирган «Плоггинг» акцияси Сирдарёда кенг қамровда ўтказилди. Вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган акцияга барча туман ва шаҳарларда бир вақтнинг ўзида онлайн тарзда старт берилди.

Акция иштирокчилари ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ва яшил ҳудудларни асрашга ўз ҳиссаларини қўшишди.

Плоггингнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у жисмоний фаолликни табиатга ғамхўрлик билан уйғунлаштиради. Яъни иштирокчилар соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш баробарида ўзлари яшаб турган ҳудуд тозалигига амалий ҳисса қўшади. Бундай ташаббуслар ёшларда экологик маданиятни юксалтириш, табиатга масъулиятли муносабатни шакллантириш ва жамоатчилик фаоллигини оширишга хизмат қилади.

Сирдарёдаги акция давомида 5 гектар майдон тозаланди. Ҳудуддан атроф-муҳитга хавф туғдириши мумкин бўлган 2 тонна чиқинди йиғиб олинди.

Акция вилоятнинг барча туман ва шаҳарларини қамраб олгани эса ташаббуснинг кўламини янада кенгайтирди. Бир мақсад атрофида бирлашган ёшлар нафақат ҳудудларни ободонлаштиришга ҳисса қўшди, балки табиатни асраш ҳар бир инсоннинг кундалик масъулияти эканини амалий ҳаракатлари билан намоён этишди.


Ташаббус доирасида фаоллик кўрсатган ёшлар ҳам эътибордан четда қолмади. Акция якунида уларга вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобур Акрамов томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Тоза муҳит — фақат обод ҳудуд эмас. У инсон саломатлиги, соғлом авлод ва юксак экологик маданият учун ҳам муҳим мезондир. Сирдарёлик ёшларнинг «Плоггинг» акциясидаги фаол иштироки эса бу қадриятларни ҳаёт тарзига айлантириш йўлидаги амалий қадам бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири