Сирдарёда “Меҳр улаш” акцияси ўтказилди
Сирдарё вилоятида аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш, оғир аҳволдаги беморларга умид бағишлашга қаратилган навбатдаги хайрли ташаббус амалга оширилди. Адлия вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган “Меҳр улаш” қон топшириш хайрия акциясида вилоят адлия бошқармаси жамоаси ҳам фаол иштирок этди.
Мазкур акция доирасида бошқарма биносида донорлик тадбири ташкил этилди. Унда Сирдарё вилоят қон қуйиш станциясининг сайёр тиббий бригадаси иштирок этиб, қон олиш жараёнлари санитария-гигиена талаблари асосида хавфсиз ва тартибли равишда амалга оширилди. Донорлар дастлаб тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг саломатлик ҳолати мутахассислар томонидан атрофлича баҳоланди.

Акция давомида 20 нафардан ортиқ адлия тизими ходимлари кўнгилли ва беғараз равишда қон топшириб, инсонпарварлик ва ҳамжиҳатликнинг амалий намунасини кўрсатдилар. Мутахассислар таъкидлашича, донорлик орқали йиғилган қон компонентлари жарроҳлик амалиётларида, оғир жароҳат олганлар ҳамда қон касалликларига чалинган беморларни даволашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

– Бундай хайрия акциялар жамиятимизда меҳр-оқибат, инсон қадрини улуғлаш каби юксак қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ҳар бир топширилган қон бу кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиш демакдир. Адлия органлари ходимлари бундан буён ҳам шундай эзгу ишларда фаол иштирок этишни давом эттиради, – дейди Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Зоҳидов.

Қайд этиш жоизки, донорлик нафақат эҳтиёжманд беморлар учун ҳаётий зарурат, балки жамиятда ижтимоий масъулият, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамловчи муҳим омил ҳисобланади.

– Нафақат адлия тизими ходимлари, балки барча қон донорлари томонидан топширилаётган ҳар бир қон компоненти кимнингдир ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади. Қолаверса, мунтазам донорлик инсон организмида қон янгиланишига ёрдам беради, қон айланиши билан боғлиқ айрим муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади, – дейди Сирдарё вилоят қон қуйиш станцияси бош шифокори Ҳайдар Саломов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири