Сирдарёда ҳам Наврўз шодиёналари кенг қулоч ёйди
Сирдарё вилоятида Наврўз байрами бу йил ҳар қачонгидан-да кўтаринки руҳда, юксак шукуҳ ва кенг жамоатчилик иштирокида нишонланди. Гулистон шаҳрида ўтказилган марказий тадбирлар минглаб аҳоли ва меҳмонларни бир жойга жамлаб, байрамнинг инсонпарварлик, бирдамлик ва янгиланиш ғояларини янада теран намоён этди.
Байрам доирасида шаҳар марказидаги Амфитеатрда “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлаш!” шиори остида ташкил этилган театрлаштирилган концерт дастури тадбирларнинг энг ёрқин нуқтасига айланди. Унда миллий анъаналар, халқимизнинг кўп асрлик қадриятлари, меҳнатсеварлик ва бағрикенглик ғоялари бадиий талқинда намойиш этилди. Рақслар, жонли ижродаги қўшиқлар ва ранг-баранг композициялар томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Айниқса, байрам доирасида ўтказилган инклюзив хайрия аукциони алоҳида эътиборга лойиқ. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда 44 нафар ёш ижодкорнинг тасвирий ва амалий санъатга оид ишлари, шунингдек, декоратив-безак буюмлардан тайёрланган асарлари савдога қўйилди ва натижада жами 562 миллион сўм маблағ жамланди.
Аукционда иштирокчилар ва меҳмонлар ҳар бир асарга қараганда нафақат унинг гўзаллигига, балки уни яратган инсоннинг меҳнатига ҳам эътибор қаратдилар. Боёвутлик Охунжон Оллобердиевнинг қамишдан ясалган «Хўроз» макети 22 миллион сўмга сотилди. Ховослик Каромат Аҳмадқулованинг бешта расмдан иборат тўплами эса 34 миллион сўмга баҳоланди.
12 ёшли Маржона Ибрагимованинг асарлари 60 миллион сўмга сотилиб, аукционнинг энг юқори баҳоланган лотларидан бирига айланди.
Тадбирларда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хорижий меҳмонлар, нуронийлар ва ёшлар фаол иштирок этишди. Вилоят ҳокими ўз табригида Наврўзнинг жамиятда инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги ўрнига алоҳида тўхталиб, мазкур байрам юртдошларни янги ютуқлар сари илҳомлантиришини таъкидлади.
Байрам тадбирлари шаҳарнинг бир қатор манзилларида — Амфитеатр, “Билимдонлар маскани”, Алишер Навоий номидаги марказий кўча ҳамда истироҳат боғларида кенг кўламда ташкил этилди. Эрта тонгданоқ карнай-сурнай садолари, миллий қўшиқлар ва жаранг кулгилар шаҳар узра янграб, барчага баҳорий кайфият бағишлади.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тайёрланган кўргазмаларда миллий ҳунармандчилик намуналари, қўл меҳнати билан яратилган кашта ва сўзаналар, турфа миллий таомлар намойиш этилди.
Алишер Навоий боғида Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ташаббуси билан “Наврўз сайли” фестивали ўтказилиб, “Маънавият олами” дея номланган расмлар кўргазмаси, “Мушоира”, “Маърифатли бувижон” ва “Зукко болажонлар” каби танловлар ташкил этилди.
Сайлгоҳларда сумалак қайнатиш анъаналари алоҳида кўтаринки руҳда ўтди. Аёллар қўшиқ куйлаб, эзгу ниятлар билан сумалак тайёрлаб, миллий қадриятларнинг узвий давомийлигини намойиш этди. Шунингдек, ҳалим, кўк сомса каби баҳорий таомлар меҳмонларга улашилди.
Байрам доирасида фольклор жамоалар ва хонандаларнинг чиқишлари, миллий рақслар, халқ ўйинлари ва спорт мусобақалари ташкил этилди. Атлас ва адрас либослардаги ёшлар чиқишлари айниқса томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Қувонарлиси, тадбирларда нафақат маҳаллий аҳоли, балки юртимизнинг турли ҳудудларидан ҳамда хориждан ташриф буюрган меҳмонлар ҳам фаол иштирок этишди. Улар Ўзбекистондаги Наврўз байрамининг ўзига хос кўриниши, самимийлик ва меҳмондўстлик анъаналарига юқори баҳо берди.
[gallery-28309]
— Наврўз — бу шунчаки байрам эмас, балки халқимизнинг бирдамлиги ифодасидир, — дейди шоир Бойжигит Абдуллаев. — Бугун бу ерда жам бўлган инсонларнинг кўтаринки кайфияти, ижодга бўлган меҳри ҳар қандай кишини илҳомлантиради.
Хорижлик меҳмонлар ҳам байрам таассуротлари билан ўртоқлашиб, Ўзбекистондаги самимийлик ва меҳмондўстлик анъаналарига юксак баҳо берди.
Ғулом Примов, Умид Обиджанов (сурат) ЎзА