Сирдарёда ҳам меҳр ва шукроналик байрами — Ҳайит кенг нишонланди
Ислом дини инсониятни бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат руҳида яшашга чорлайди. Муқаддас манбаларда “тинчлик-омонлик, дўстлик ва аҳилликка интилиб яшаш — чин мўминга хос фазилат” деб таъкидлангани бу ғояларнинг ҳаётий аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди.
Бу йилги Рамазон ҳайити фасллар алмашинуви ва табиатнинг уйғониши билан уйғунлашиб, юртимиздаги Наврўз байрами билан ҳамоҳанг келди.
Сирдарё вилоятида ҳам Рамазон ҳайити юксак маънавий кайфиятда нишонланди. Эрталабдан масжидлар сари йўл олган юртдошлар юзида тинчлик, осойишталик ва юрт равнақига ишонч туйғулари яққол сезилди. Вилоят бўйлаб 77 та жоме масжидида ҳайит намози адо этилди ва унда қарийб 90 минга яқин намозхон иштирок этди. Имом-хатиблар ўз маърузаларида Рамазон ҳайитининг мазмун-моҳияти, инсон қалбини поклаш, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида атрофлича сўз юритишди.
[gallery-28258]
Айём муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари, тадбиркорлар “Меҳрибонлик” ва “Мурувват” уйларида, шунингдек, эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар ва ногирон шахсларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди. Маҳаллалар, жамоат ва хайрия ташкилотлари томонидан кенг кўламли ифторлик ва эҳсон тадбирлари ҳам ташкил этилди.
Хулоса қилиб айтганда, Рамазон ҳайити Сирдарё вилоятида нафақат диний байрам, балки инсонпарварлик, бағрикенглик ва бирдамликни улуғловчи умумхалқ сайлига айланди. Меҳр ва шукроналик айёми жамиятдаги энг олийжаноб фазилатларни намоён қилиб, Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.
Ғулом Примов, Умид Обиджанов (сурат) ЎзА