Гулистон шаҳрида Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Сирдарё мелиоратив экспедициясида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, коллектор-дренаж тармоқлари ва қудуқлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳолатини мунтазам назорат қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Анжуманда марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда маълум қилинишича, жорий йилда ерларнинг шўрланиш даражасини аниқлаш мақсадида 19 минг 893 та динамик нуқтадан 58 минг 500 та тупроқ намунаси таҳлил этилган. Текширувлар натижасида 13,7 минг гектар ер умуман шўрланмаган, 219,1 минг гектари кам шўрланган, 50,7 минг гектари ўрта ва 3,4 минг гектари кучли шўрланганлиги маълум бўлди. Аниқ рақамларга асосланган шўрланиш хариталари тайёрланиб, улар асосида мақсадли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Мелиоратив экспедиция мутахассисларининг қайд этишича, вилоят бўйлаб 2 239 та мелиоратив кузатув қудуқлари орқали ер ости сувлари сатҳи ва уларнинг минераллашув даражаси мунтазам ўлчаб борилади. Ҳар ўн кунда махсус бюллетень тайёрланиб, вазирлик ва ҳавза бошқармасига юборилади.

Сўнгги йилларда тизимни замонавийлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Боёвут, Сайхунобод ва Сирдарё туманларида қудуқларга замонавий “Diver” ускуналари ўрнатилиб, ер ости сувлари сатҳини онлайн режимда кузатиш йўлга қўйилди. Жорий йилнинг ўзида ўрнатилган 68 та ускунанинг 38 таси тўлиқ интеграция қилингани қайд этилди.
Шунингдек, 315 километр очиқ зовурлар тозаланди ва тикланди, 180 километр ёпиқ дренаж тармоқлари таъмирланди. 200 та тик қудуқ қайта таъмирланди, яна 100 та янги “Diver” ускунаси ўрнатилди.
Амалга оширилган кенг қамровли мелиоратив чора-тадбирлар натижасида 8,5 минг гектарда ўрта ва кучли шўрланиш даражаси пасайди. Шунингдек, 10,9 минг гектарда сизот сувлар сатҳи икки метрдан пастга туширилди, 21,2 минг гектарда ерларнинг мелиоратив ҳолати барқарорлашди.

Ҳозирги кунда вилоятда 16 минг километрдан зиёд коллектор-дренаж тармоқлари фаолият кўрсатмоқда. Давлат дастурлари ва йирик инвестиция лойиҳалари асосида уларни реконструкция қилиш, самарали ишлатиш ва сув баланси устидан назоратни кучайтириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
– Ерларнинг мелиоратив ҳолати қишлоқ хўжалигида юқори ҳосилдорликка эришиш учун ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Бу йил амалга оширилган ишлар натижасида пахта ва дон ҳосили кўпайиши учун мустаҳкам замин яратилди, – деди матбуот анжуманида Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Сирдарё мелиоратив экспедицияси бошлиғи ўринбосари Бобур Анваров.
Анжуманда журналистлар соҳага оид долзарб саволларига мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар. Суҳбат жараёнида жамоатчиликни қизиқтирган энг муҳим масалалар очиқ ва асосли тарзда ёритилди.
Ғулом Примов, ЎзА