Сирдарё ёшлари учун катта имкониятлар маскани
ФОТОРЕПОРТАЖ
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Гулистон филиали 2025 йил 27 июнь куни ташкил этилган бўлиб, қисқа вақт ичида Сирдарё вилоятидаги етакчи таълим муассасаларидан бирига айланди.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида фаолият юритаётган мазкур билим даргоҳи 512 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, замонавий талаблар асосида барпо этилган.
Ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун таълим муассасасида барча шароит яратилган. Хусусан, бу ерда 6 та замонавий лаборатория, 6 та информатика синфи, робототехника хонаси, 32 та ўқув синфи, кутубхона, 222 ўринли ётоқхона, ёпиқ спорт зали, 250 ўринли фаоллар зали ҳамда ошхона фаолият кўрсатмоқда.
Мактабда ахборот технологиялари, робототехника ва аниқ фанларга ихтисослаштирилган таълим йўлга қўйилган. Бу эса ёшларни замонавий касбларга йўналтириш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Таълим муассасаси ўқувчилари қисқа вақт ичида юқори натижаларни қўлга киритди. Жумладан, республика математика олимпиадасида 11-синф ўқувчиси Сардор Ўрозалиев 3-ўринни эгаллади. Шунингдек, 10-синф ўқувчиси Азизбек Мамажонов Грецияда ўтказилган “43-Болқон математика олимпиадаси – 2026”да олтин медални қўлга киритди. Бу натижа нафақат мактаб, балки мамлакатимиз ёшларининг халқаро майдондаги салоҳиятини ҳам яққол намоён этди.
[gallery-29562]
Мактаб яна бир муҳим халқаро мақомга ҳам эга бўлди. У UNESCOнинг Ассоциациялашган мактаблар тармоғи — ASPnet аъзолигига қабул қилинди. Мазкур халқаро тармоқ таълим, маданият, тинчлик ва барқарор ривожланиш ғояларини тарғиб қилувчи илғор таълим муассасаларини бирлаштиради.
Айни пайтда мактабда 18 та синфда 412 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларнинг 112 нафарини қизлар ташкил этади. Бу эса қизларнинг ҳам аниқ фанлар ва ахборот технологияларига бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Мухтасар айтганда, мазкур таълим муассасаси сирдарёлик ёшлар учун IT соҳасига кенг йўл очиб, келажакнинг рақобатбардош кадрларини тайёрлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Умид ОБИДЖОНОВ (сурат), ЎзА