Буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ёшлар учун бебаҳо сабоқ, миллат учун эса ғурур ва ифтихор манбаидир. Шу боис тарихий шахсларимизнинг маънавий меросини тарғиб этиш, ёшларда миллий қадриятлар ва Ватанга муҳаббат туйғусини мустаҳкамлаш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
Шу мақсадда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ташаббуси билан бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида Мирзаобод туманидаги Сафарбарлик чақирув резерви баталионида “Амир Темур – юрт халоскори” мавзусида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши масъуллари, ҳарбий хизматчилар, фахрийлар ва ёшлар иштирок этишиб, буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темурнинг миллий давлатчилик тарихидаги ўрни, унинг адолат ва қонун устуворлигига асосланган давлат бошқаруви ҳақида сўз юритишди.
Учрашувда ватанпарварлик руҳидаги шеърлар ва тарихий саҳна кўринишлари намойиш этилди. Ёшлар мутахассислар билан очиқ мулоқотда бўлишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.


***
Тарихнинг оғриқли саҳифаларини ёдга олиш, қурбон бўлган аждодлар хотирасини эъзозлаш — бугунги авлоднинг муқаддас бурчи саналади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси фахрийлар кенгаши ва Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши ҳамкорлигида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида маънавий-маърифий учрашув ўтказилди.
Унда тарихчи-олимлар, фахрийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ходимлари ҳамда ёшлар иштирок этишди. Учрашув давомида XX асрнинг 30–40-йилларидаги қатағон воқеалари, юртдошларимизга қарши қилинган золимона сиёсат ва уларнинг озодлик ҳамда миллий мустақиллик йўлидаги жасоратлари ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, музей экспозицияси билан танишув, ватанпарварлик руҳида ўқилган шеърлар, видео лавҳалар ва тарихий ҳужжатлар намойиши иштирокчиларда ёрқин таассурот қолдирди.


***
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ҳамда “Заковат” ННТ ҳамкорлигида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйини ҳақиқатан ҳам қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлди.
Ходимларнинг билимларини синаш, интеллектуал қобилиятларини юксалтириш ҳамда иқтидорли ёшларни аниқлаб, уларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилган мазкур беллашувда иштирокчилар ўз билимларини синовдан ўтказишди.


Мусобақа натижаларига кўра, божхоначилардан таркиб топган “Зийраклар” жамоаси 1-ўринни эгаллади, 2-ўринга “Тафаккур”, 3-ўринга эса “Топқирлар” жамоалари сазовор бўлди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири