Шифокорлар замонавий реанимация усулларини ўрганди
Она ва бола саломатлигини асраб-авайлаш ҳар қандай жамиятнинг энг олий мақсадларидан бири. Чақалоқ ҳаётини сақлаб қолиш, онага малакали тиббий ёрдам кўрсатиш эса шифокорлардан нафақат чуқур билим, балки улкан тажриба ва юксак масъулият талаб қилади.
Айнан шу мақсадда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилоят филиалида “Чақалоқларга респиратор ёрдам ва интенсив даволаш, бирламчи реанимация” мавзусида тренинг машғулоти ташкил этилди.
Мазкур машғулот “Ишонч – 2030” лойиҳаси доирасида ўтказилиб, унда АҚШ мутахассислари Кирк Уотерс ва Женифер Шоу ҳамда миллий координаторлар иштирок этди. Хорижлик экспертлар маҳаллий неонтолог шифокорлар билан тажриба алмашиб, замонавий тиббий ёндашувлар ва халқаро амалиётда синовдан ўтган усулларни намойиш қилди.
Тренинг доирасида иштирокчилар нафақат назарий билимлар билан танишди, балки реал ҳолатларда амалий машқларни бажаришди. Бу жараён уларнинг тўғри ва тезкор қарор қабул қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаб, ҳаётий муҳим вазиятларда шифокорнинг ишончли ҳаракат қилиш салоҳиятини оширди.
Марказ директори, 1-тоифали акушер-гинеколог Шаҳло Хўжаева тренингнинг аҳамияти ҳақида шундай деди:
– Чақалоқ ҳаётини асраб қолиш кўп ҳолларда шифокорнинг тайёргарлиги ва амалий кўникмасига боғлиқ. Бундай машғулотлар мутахассисларимизнинг билим ва тажрибасини халқаро андозаларга яқинлаштириб, уларда ишонч ва масъулият туйғусини янада кучайтиради. Бу эса соғлом авлод дунёга келиши ва она-болалар саломатлигини муҳофаза қилишда беқиёс аҳамиятга эга.
Шубҳа йўқки, Сирдарёда ўтказилган бу амалий-назарий машғулотлар шифокорларнинг малакасини ошириш, перинатал кўрсаткичларни яхшилаш ва авлод саломатлигини таъминлашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Ширинда ер назорати ишлари кучайтирилди
Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган назорат тадбирлари давомида 80 та ҳолатда жами 0,29 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди. Шундан 59 та ҳолатда (0,21 гектар) қонунбузилиши фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилди ва ер майдонлари асл ҳолатига қайтарилди. Шунингдек, ноқонуний қурилган иншоотларни бузиш бўйича судларга 2 та даъво аризаси киритилди, жиноят аломатлари мавжуд бўлган 1 та иш прокуратура органларига юборилди.
Бу ҳақда Ширин шаҳрида Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси шаҳар бўлими ҳамда Давлат кадастрлари палатаси шаҳар филиали томонидан ташкил этилган матбуот анжумани ва пресс-турда маълум қилинди. Тадбирда ер ва кадастр назорати бўйича эришилган натижалар, қонунбузарликларнинг олдини олиш борасида кўрилаётган чоралар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида батафсил ахборот берилди.
Кадастр агентлиги шаҳар бўлими бошлиғи Достон Эшанқулов таъкидлаганидек, фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш масаласи доимий эътиборда. Жорий йилда жисмоний ва юридик шахслардан 20 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 18 таси ижобий ҳал этилган, 2 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Давлат кадастрлари палатаси шаҳар филиали раҳбари Жўрабек Эргашев эса 2024 йил 5 августда қабул қилинган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун ижросига алоҳида тўхталди. Унга кўра, шу кунга қадар шаҳарда 818 та объект хатловдан ўтказилган, улардан 365 таси “Эътироф” ахборот тизими орқали ваколатли ташкилотларга муҳокама учун йўналтирилган.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари Мирзо Улуғбек маҳалласида олиб борилаётган хатлов жараёнларини кузатиш имконига эга бўлдилар. Тадбир якунида “Электрон” ахборот тизими орқали ер участкаларини электрон аукцион савдоларига чиқариш тартиби ҳамда кадастр хизматлари сифатини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шундай қилиб, Ширин шаҳрида ер назоратининг кучайтирилиши ноқонуний ер эгаллаш ҳолатларига йўл қўймаслик, фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
[gallery-25610]
Техникум кутубхонасига янги китоблар берилди
Яқинда Гулистон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев тумандаги агротехнологиялар техникуми талабалари билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашув давомида талабалар ўз таклиф ва ташаббусларини билдиришди. Талабалардан бири Эъзоза Юнусова муассаса кутубхона фондини янги бадиий китоблар билан бойитиш зарурлигини таъкидлади. Бу таклиф ёшларнинг маънавий дунёси ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган муҳим ташаббус сифатида баҳоланди.
Орадан кўп вақт ўтмай, туман ҳокимининг ўринбосари Хуршид Челибаев Гулистон агротехнологиялар техникуми кутубхонасига туман ахборот-кутубхона маркази фондидан 500 та бадиий китобни тантанали равишда топширди.
Туман ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев ҳам бундан илгари ўзи ўқиган мактабга 500 та китоб туҳфа этган эди.
Топширилган китоблар орасида ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари, замонавий ёшлар учун қизиқарли асарлар ҳамда маънавий-маърифий аҳамиятга эга тўпламлар ўрин олган.
– Бир ёшнинг таклифи асосида таълим муассасасида маънавий хазина яратилганидан хурсанд бўлдик, – дейди Эъзоза Юнусова. – Бу китоблар келажакда билимли, кенг дунёқарашли авлод тарбиясига хизмат қилади.
Мазкур ташаббус ёшлар фикри ва овози эшитилаётгани, уларнинг таклифлари амалиётда тезкорлик билан қўллаб-қувватланаётганининг ёрқин намунасидир.
Ғулом Примов, ЎзА