Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Миллий либос – миллат кўзгуси
Гулистон шаҳрида “Нафосат” миллий либослар кўрик-танлови бўлиб ўтди. “Миллий либос – миллат кўзгуси” шиори остида уюштирилган тадбирда шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган иқтидорли дизайнер ва ҳунармандлар ўз коллекцияларини намойиш этди.
Жами 13 нафар тикувчи-дизайнер иштирок этган танловда миллий нақш ва урф-одатларимиз билан уйғун замонавий услубдаги либослар тақдим этилди. Саҳнада миллий ифтихор ва замонавий эстетиканинг уйғунлиги яққол кўринди.
Гулистонлик Гулноза Жўраева биринчи, ховослик Дилдора Толипова иккинчи, сардобалик Умида Маҳмудова учинчи ўринга сазовор бўлди.
Шу билан бирга, қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Жумладан, Тошкент кимё технологиялари институти Янгиер филиали “Энг фаол олий таълим муассасаси”, Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби “Миллий қиёфа яратган мактаб”, “Бувижонлар мактаби” аъзолари “Миллий меросни ёш авлодга етказишда ўзига хос ёндашув” номинацияларига муносиб топилди.
Тадбир якунида ғолиб ва фаол иштирокчилар Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
“Бахтли мамлакатнинг бахтиёр фарзандлари”
Сирдарё вилоятида ушбу шиор остида ёшларнинг мақсад қўйиш ва тўғри режа тузиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган тренинг ўтказилди.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси шуъба раҳбари Гулчирой Раҳмонова томонидан ташкил этилган “Стратегик режалар тузиш ва аниқ мақсадлар қўйиш” мавзусидаги машғулотда 200 нафар 10-11-синф ўқувчиси иштирок этди.
Ёшлар орзуларини мақсадга айлантириш, стратегия тузиш, ўз йўлидан қатъият билан юриш ва тасаввур кучидан фойдаланиш каби кўникмаларни ўргандилар. “Орзулардан қўрқма, дўстим, қобилият сенга бекорга берилмади!” шиори уларга янги руҳ бағишлади.
Тадбир якунида фаол ўқувчилар ва мактаб психологларига ташаккурнома ҳамда сертификатлар топширилди.
Устозларга 1000 доллардан зиёд маош
Мирзаобод туманидаги 16-умумтаълим мактабининг 20 нафар дан зиёд ўқитувчиси 1000 доллардан ошириб маош олмоқда. Бу натижа таълим соҳасида амалга оширилаётган янгича ёндашув ва давлат раҳбарининг устозларга бўлган эътибори самарасидир.
Мазкур мактаб 2023 йилдан тажриба тариқасида янги баҳолаш тизимига ўтган эди. Янги мезонлар қисқа вақт ичида самара берди: ўқувчиларда танқидий ва ижодий фикрлаш, ҳамкорликда ишлаш кўникмалари шаклланди. Педагоглар эса анъанавий билим берувчидан кўра йўналтирувчи ва маслаҳатчи сифатида фаолият юрита бошлади.
2024-2025 ўқув йилида 16-мактаб вилоятда энг юқори кўрсаткичга эришди. Шунинг асосида ҳукумат қарорига биноан барча педагогларга 30 фоиз устама белгилаб берилди.
[gallery-25609]
Оила ва қадриятлар ҳақида тренинг
Гулистон шаҳридаги Тадбиркорлар ва ҳунармандлар марказида “Нафосат” миллий либослар танлови доирасида қизиқарли психологик тренинг ўтказилди. Тадбир Сирдарё вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилди.
Гулистон давлат университети доценти, психология фанлари бўйича фалсафа доктори, оила психологи Шоира Файзиева “Эркаклар ва аёллар учун умумий қадриятлар” мавзусида маҳорат дарси ўтказиб, турли машғулотлар ва психологик ўйинлар орқали иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Тренинг оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ҳамжиҳатлик ва муҳаббат муҳитини кенг тарғиб қилишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Тадбир якунида Шоира Файзиева Сирдарё вилоят ҳокимлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғаси билан тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири