Гулистон давлат университетида адабий муҳит ва маънавий-маърифий ҳаётни бойитиш мақсадида ёдда қоларли учрашув бўлиб ўтди. Унда Сирдарё адабий муҳитида ўз ўрнига эга бўлган шоир, публицист ва ёзувчи Муҳаммадали Аҳмедовнинг янги асари – “Бинафшазор” китоби тақдимоти ўтказилди.
Шунингдек, университет ижодкор ёшлари фаолиятида муҳим ўрин эгаллаб бораётган “Қорақуш” маънавий-маърифий телеграм канали юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Анжуманда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда вилоят ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни Гулистон давлат университети биринчи проректори Қозим Қудратов очиб берди. У маънавий-маърифий каналнинг ёшлар маънавиятини юксалтиришдаги ўрнига тўхталиб, ижодий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.

***
1 октябрь – "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида тантанали тадбир ўтказилди. Унда шаҳар ҳокими, фахрий устозлар, педагог ва мураббийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбир аввалида шаҳар ҳокими Ниёз Ҳазратқулов барча устоз ва мураббийларни байрам билан табриклаб, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган имкониятлар ҳамда келгуси режалар ҳақида сўзлади.
Тантанали маросим давомида бир қатор педагог ва таълим фидойиларига диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилиб, уларнинг меҳнати юксак қадрланди.
Мусиқий чиқишлар, куй-қўшиқлар ва бадиий композициялар тадбирга янада файз бағишлаб, иштирокчиларга қувончли лаҳзалар улашди.


***
Сардоба туманидаги сув тошқини оқибатларини бартараф этиш жараёнида маҳаллий аҳоли учун вақтинчалик турар жой сифатида Қуйитош маҳалласига олиб келинган 4 та катта контейнер бугун бошқача аҳамият касб этмоқда. Аҳоли таклифига кўра, у мактабгача таълим муассасасига айлантирилди ва туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 14-сонли давлат боғчаси сифатида иш бошлади.
Энг қувонарлиси, энди жажжи болажонлар ҳам бу масканда меҳр ва эътибор ичида тарбияланмоқда. Контейнер замонавий тарзда мослаштирилиб, болалар учун барча шарт-шароит яратилди.
Куни кеча ушбу боғчага Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси аъзоси Зуҳра Шодиева ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сирдарё вилояти кенгаши раиси Сарварбек Султонов ташриф буюриб, яратилган имкониятлар билан танишди. – Қойил, Тошкентдагидан қолишмайди, – деди З. Шодиева таассуротини баён этар экан.
Ҳозирда “вагон-боғча”да 4 нафар тарбиячи меҳнат қилмоқда, 90 нафар бола эса таълим-тарбия оляпти.

***
Сирдарё вилоятида ёшларни спортга кенг жалб этиш ва улар учун муносиб шарт-шароит яратиш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шу саъй-ҳаракатлар самараси сифатида Сардоба тумани спорт мактаби учун “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ ҳисобидан 90x60 метр ҳажмдаги замонавий сунъий қопламали футбол майдони барпо этилди.
Тантанали равишда фойдаланишга топширилган янги спорт майдони очилиш маросими ҳақиқий спорт байрамига айланди. Унда вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Буранов, Олимпия қўмитасининг вилоят ижрочи директори Баҳодир Эшонов, туман ҳокими ўринбосари Баҳром Жумабоев, маҳаллий нуронийлар, спорт мактаби мураббийлари ва ёш спортчилар иштирок этишди.

Янги майдон футбол, мини-футбол, регби, чим устида хоккей каби жамоавий спорт турлари билан шуғулланиш учун барча талабларга жавоб беради. Унда замонавий ёритиш тизими, қулай трибуналар ва хавфсизлик воситалари ўрнатилган бўлиб, ёшлар учун самарали машғулотлар ўтказиш имконияти яратилди. Шунингдек, мазкур майдонда туман ва вилоят миқёсидаги чемпионатлар, кубок мусобақаларини ҳам ўтказиш мумкин.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири