Сирдарё вилоятида етиштириладиган «Обиноввот» ва «Жўрақанд» навли қовунлар халқаро экспертиза натижасида Хитой саноати учун энг мақбул хомашё сифатида эътироф этилди.
Хитойнинг Фуцзян провинциясида жойлашган «Pan Pan Foods» компанияси лабораториясида ўтказилган таҳлиллар ушбу навларни саноат усулида қайта ишлаш имкониятлари юқори эканини кўрсатди.

Таҳлил жараёнида Сирдарё вилоятидан 2025 йилда жўнатилган «Оқ уруғ», «Обиноввот», «Кўкча» ва «Жўрақанд» навли қовунлар ўрганилди. Натижада «Обиноввот» ва «Жўрақанд» навлари табиийлиги, тозалиги, хушбўйлиги ва юқори ширинлиги билан ажралиб, ҳатто 85 даражагача совитилган ҳолда ҳам ўз сифат кўрсаткичларини сақлаб қолиши қайд этилди. Экспертлар хулосасига кўра, мазкур навлар саноат миқёсида қайта ишлаш учун тўлиқ жавоб беради.

Мазкур натижалар Сирдарё вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациянинг ўтган йил октябрь ойида Хитойга амалга оширган хизмат сафари давомида ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Учрашувлар чоғида қовунни саноат усулида қайта ишлаш, унинг асосида турли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш масалалари алоҳида эътибор марказида бўлди.

Хусусан, «Pan Pan Foods» компанияси билан қиймати 25 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳаси юзасидан келишувга эришилди. Лойиҳа доирасида Сирдарё вилояти туманларидан бирида қовунни қайта ишлашга ихтисослашган замонавий корхона ташкил этиш режалаштирилмоқда. Айни пайтда ишлаб чиқариш параметрларини аниқлаш бўйича якуний музокаралар олиб борилмоқда. Лойиҳани 2026–2027 йилларда амалга ошириш мўлжалланган.

Мутахассислар таъкидлашича, қовунни саноат усулида қайта ишлашнинг йўлга қўйилиши деҳқон ва фермер хўжаликлари даромадини сезиларли оширади. Қолаверса, соҳани сифатли уруғлик билан таъминлаш ҳамда интенсив агротехнологияларни кенг жорий этиш орқали қовун етиштирувчиларнинг даромадини ҳозирги кўрсаткичларга нисбатан камида икки баробар ошириш имконини беради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири