Сирдарё оромгоҳида билим, спорт ва ижод байрами
Кулги, шодлик, спорт шавқи ва интеллектуал беллашувлар... Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тасарруфидаги Сирдарё болалар оромгоҳида ташкил этилган навбатдаги тадбир болажонлар учун унутилмас таассуротларга бой бўлди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси, Ўзбекистон болалар ташкилоти Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими ҳамда "Заковат" интеллектуал клуби нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда юзлаб оромгоҳ тарбияланувчилари иштирок этишди.
Кун давомида оромгоҳ ҳақиқий байрам масканига айланди. Бир майдонда билимлар синовдан ўтказилган бўлса, бошқа ҳудудда спорт мусобақалари қизғин тус олди. Ижодга ошно болалар эса ўз иқтидорини намоён этиш имконига эга бўлди.

Дастлаб ташкил этилган "Заковат" интеллектуал ўйинида иштирокчиларнинг билим савияси, тезкор фикрлаши ва мантиқий тафаккури синовдан ўтди. Қизғин кечган баҳслар ҳар бир саволга бўлган қизиқишни янада оширди.

Футбол мусобақалари ва спорт эстафеталарида эса чаққонлик, эпчиллик ва жамоавий ҳамжиҳатлик устуворлик қилди. Ҳар бир баҳс иштирокчиларнинг ғалабага бўлган интилиши ва юқори тайёргарлиги билан ажралиб турди.

Адабиёт ихлосмандлари учун ташкил этилган "Мушоира" кечаси шеъриятга меҳр қўйган ёшларни бир саҳнага жамлади. Улар ўз ижод намуналарини ўқиб эшиттириб, миллий адабиёт ва маънавий қадриятларга бўлган ҳурматини намоён этди.

Шахмат ва шашка баҳслари иштирокчиларнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини чархлаган бўлса, асфальтга расм чизиш акцияси болажонларнинг бой тасаввури ва ижодий салоҳиятини намоён қилди. Ранг-баранг тасвирларда Ватан, тинчлик, табиат ва бахтли болалик ғоялари ўз ифодасини топди.

Тадбир якунида фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди. Энг муҳими, бу кун болажонларга нафақат қувончли дамлар ва янги дўстлар, балки билим олиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш ва ижод қилишга бўлган қизиқишни янада кучайтирди.

Бундай маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари ёш авлоднинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда ватанпарварлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Болаларнинг ёзги таътили мазмунли ва эсда қоларли ўтиши биз учун энг муҳим вазифалардан бири. Бугунги тадбирда спорт, интеллектуал ўйинлар ва ижодий танловларнинг бир майдонда жамлангани ҳар бир боланинг қобилиятини намоён этиш, бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ва ўзаро дўстлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Энг қувонарлиси, болажонларнинг юзидаги қувонч ва кўтаринки кайфият бундай лойиҳаларни янада кенгайтиришга ундайди. Биз улар оромгоҳдан ёрқин хотиралар, янги дўстлар ва яхши таассуротлар билан қайтишини истаймиз, — дейди Сирдарё болалар оромгоҳи директори Улуғбек Тўрақулов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири