Sirdaryo IES мутахассиси халқаро танловда совриндор бўлди
Ўзбекистон энергетикаси халқаро майдонда яна бир муҳим ютуқни қайд этди. Хитой Халқ Республикасининг Гуанчжоу шаҳрида Осиё мамлакатлари ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар энергетика соҳаси мутахассислари ўртасида ўтказилган касбий маҳорат танловида Sirdaryo IES филиали электр цехи бошлиғи ўринбосари Ғофур Холназаров фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.
30 июнь – 4 июль кунлари бўлиб ўтган мусобақада 24 нафар мутахассис “110 кВ юқори кучланишли кабел линияларида синов ишларини ўтказиш ва кабел муфталарини монтаж қилиш” йўналишида назарий билим ва амалий маҳоратини намойиш этишди.

Танлов давомида иштирокчиларнинг кабел линияларидаги носозликларни аниқлаш, техник параметрларни белгилаш, юқори кучланишли кабел муфталарини монтаж қилиш, шунингдек, меҳнат муҳофазаси ҳамда техника хавфсизлиги талабларига риоя этиш бўйича кўникмалари баҳоланди.

Якуний натижаларга кўра, биринчи ўрин Хитой вакилига насиб этган бўлса, иккинчи ўринни Ўзбекистон вакили — “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг Sirdaryo IES филиали электр цехи бошлиғи ўринбосари Ғофур Холназаров эгаллади.

Мазкур танлов энергетика соҳасида илғор тажрибалар алмашиш, замонавий технологияларни ўзлаштириш ва халқаро касбий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

— Халқаро танловда эришган ушбу натижа мамлакатимиз энергетика соҳаси мутахассисларининг билим ва салоҳияти юксак эканини яна бир бор тасдиқлади. Бу ерда орттирилган тажриба келгусида электр тармоқлари ишончлилигини ошириш ва илғор технологияларни ишлаб чиқаришга самарали жорий этишда муҳим аҳамият касб этади, — дейди Ғофур Холназаров.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири