Сирдарё ҳавзасида суғориш тизими илмий асосда такомиллаштирилади (+видео)
Марказий Осиё сув муаммосига замонавий ечим топди. Сирдарё ҳавзасида сунъий йўлдош маълумотлари асосида экинларни суғоришнинг янги, илмий асосланган меъёрлари ишлаб чиқилди.
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси 2025 йилда Сирдарё ҳавзасида суғориш тизимини аниқлаштиришга қаратилган икки йиллик лойиҳани бошлади. Франция тараққиёт агентлиги (AFD) гранти кўмагида амалга оширилган ушбу лойиҳанинг асосий мақсади – қишлоқ хўжалиги экинларининг сув истеъмолини ва самарали суғориш тартибларини илмий асосда белгилаш.
Лойиҳада масофавий зондлаш ва сунъий йўлдош маълумотларидан фаол фойдаланилди. Натижада асосий экинлар учун сув сарфининг янгиланган, илмий асосланган меъёрлари ва суғориш тартиблари ишлаб чиқилди.
Мутахассислар иқлим, тупроқ, сизот сувлари сатҳи ва экин майдонлари ҳолатига оид маълумотларни янгилаб, сунъий йўлдош маълумотлари асосида экинларнинг сувга бўлган эҳтиёжини табиий ва хўжалик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда таҳлил қилди. Лойиҳа доирасида жами учта минтақавий семинар ўтказилиб, унинг якунийси Тошкентда бўлиб ўтди. Унда лойиҳанинг асосий натижалари, хусусан, экинларни суғориш тартибларига киритилган ўзгартиришлар ва Сирдарё ҳавзасининг гидромодул районлаштириш интерактив ГАТ-харитаси тақдим этилди.
Анжуманда Марказий Осиёнинг беш мамлакатидан вакиллар қатнашяпти. Сирдарё ҳавзасининг гидромодулли районлаштирилишига иккита жуда салоҳиятли илмий-тадқиқот институти жалб этилган.
Шунингдек, лойиҳа доирасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ерларнинг шўрланиши ва деградацияси хавфини камайтириш бўйича муҳим тавсиялар тайёрланди. Бу ташаббус Сирдарё ҳавзасида сув ресурсларини узоқ муддатли бошқариш учун замонавий таҳлилий база яратди. Натижада Қозоғистон ва Ўзбекистондаги 1,7 миллион гектардан ортиқ суғориладиган ерларни, жумладан, Туркистон, Қизилўрда, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги сувнинг бугунги ҳолати бўйича таҳлиллари ишлаб чиқилди.
Ушбу семинарларда давлат идоралари, илмий ва сув хўжалиги ташкилотлари вакиллари, фермерлар ҳамда халқаро экспертлар иштирок этиб, амалий тажриба алмашди. Бу ташаббус Марказий Осиёда сув хавфсизлиги ва барқарор ривожланишни таъминлашга муҳим ҳисса қўшди. Етакчи илмий марказлар ҳамкорлиги эса иқлим ўзгариши ва сув тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар кучайиб бораётган бир шароитда илмий асосланган қарорлар қабул қилиш учун мустаҳкам замин яратди.
Санжар Тошпўлатов,
Дониёр Якубов (видео),
Улуғбек Тўхтаев,
ЎзА