Мамлакатимизда давлат олий таълим муассасалари билан бир қаторда хусусий, хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳам фаолият олиб бормоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан олий таълим муассасаларининг миллий рейтинги эълон қилинди. Ушбу рейтинг давлат ОТМлари ўртасида тузилган эди. Инспекция томонидан нодавлат таълим муассасалари ҳам билим даражасини аниқлаш мақсадида аттестациядан ўтказилмоқда. Шундай таълим муассасаларидан бири Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтидир.
Институт фаолияти илк маротаба таълим муассасасининг аризасига мувофиқ Таълим инспекцияси томонидан ташқи баҳолаш жараёнига жалб этилди. Шу муносабат билан олий таълим ташкилотида мазкур жараённинг ўзига хос хусусияти, унинг мазмун-моҳияти ва мақсади ҳамда олдинги аттестация жараёнларидан фарқ қилувчи жиҳатлари тўғрисида институт раҳбарияти ва экспертлар, йўналишлар бўйича бўлим раҳбарлари (катта менежерлар, менежерлар) ва мактаб (кафедра) директорлари билан қисқача мулоқотлар бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида эксперт комиссияси аъзолари ҳамда жамоа вакиллари ўзаро фикр алмашди. ОТМ фаолиятини ўрганиш жараёнида экспертлар комиссияси аъзолари томонидан мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича услубий ва амалий ёрдамлар кўрсатилиши, таълим сифатини янада яхшилаш ҳамда тайёрланаётган кадрлар билим ва кўникмаларини ошириш борасида бевосита суҳбатлар (интервьюлар)нинг ўтказилиши тўғрисида айтиб ўтилди.
Институтга олий таълим ва касб-ҳунар таълими ислоҳотлари бўйича Таълим инспекцияси бошлиғининг халқаро маслаҳатчиси, профессор Бастиан Бауман ҳам ташриф буюриб, экспертлар фаолияти билан бевосита танишди, жараён сифатини янада яхшилаш бўйича фикрларини билдирди. Жумладан, таълим муассасасида мавжуд камчиликларнинг асосий сабабларини таҳлил қилиш ва бундаги шаффофлик ҳамда ташқи баҳолаш жараёнининг асосий омиллари эканлигини таъкидлади.
Ташқи баҳолаш жараёнлари давом этмоқда.
Файзулло Яҳёев, ЎзА