Синада Сурхоннинг миллий таомлари сайли ўтказилди
Денов туманининг мафтункор тоғлар қўйнидаги Сина маҳалласида анъанавий миллий таомлар сайли бўлиб ўтди.
Унда Термиз шаҳри ва туманларнинг ўз ҳудудларига хос турли тансиқ таомлар тайёрлаш билан боғлиқ услуб, удум ва анъаналари кенг намойиш этилди.

Миллий услубда безатилган павильонлардан жой олган моҳир пазандаларнинг турли таомлари кўргазмалари юртимиздаги тинч-тўкин турмуш ва фаровонликни ифода этган сайлда туман ҳокими Анвар Нормаматов ва бошқалар мамлакатимизда миллий қадрият ва урф-одатларимизни асраб-авайлаб, тарғиб қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақида алоҳида сўз юритди. Сайл иштирокчиларини ўзига хос шодиёна билан табриклаб, унинг юксак савияда ўтишига омад тилади.

Сурхондарё вилоятида туризмни ривожлантириб, иқтисодиётнинг етакчи тармоғига айлантириш учун катта салоҳият бор. Денов тумани ҳам ўзининг тарихи, археологик ёдгорликлари, муқаддас зиёратгоҳлари, мафтункор табиати, гастрономик туризм имкониятлари билан сайёҳларда алоҳида қизиқиш уйғотиб келади. Денов қалъаси, Будрачтепа, Холчаён, Қизқўрғон каби археологик ёдгорликлар, “Хўжа Аловуддин Аттор” зиёратгоҳи, “Саид Оталиқ” мадрасаси, Сина қишлоғидаги “Сумбула” табиат мўъжизаси, Хўжа Баркуҳ, Хўжа Ҳисор каби муқаддас қадамжолари хорижлик ва маҳаллий туристлар эътиборига сазовор бўлган. Сина маҳалласи, шунингдек, гўзал табиат манзаралари, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий ҳунармандчилиги, ошпазлик маҳорати билан ҳам шуҳрат топган.

Сайл кўргазмасида воҳанинг турли ҳудудларидан келган энг моҳир ошпазлар мингдан ортиқ таомлар кўргазмасини намойиш этди. Уларнинг тайёрлаш сир-синоатларини баҳам кўрди. Ҳар бир туманнинг ўзига хос услубда тайёрланадиган миллий тандир кабоби, чўпонча, юмшоқ гўшт, бихтирма, юпқа, ғилминди сингари ноёб таомлари барчада қизиқиш уйғотди. Узоқ-яқиндан келган сайл қатнашчиларини синалик қўли гул ошпазлар авлоддан-авлодга ўтиб, эъзозлаб келинаётган синача нон, сомса, патир, гўжали ош каби 20 дан ортиқ тансиқ таомлари ва уларни тайёрлаш усуллари билан таништирди. Меҳмонлар турли таомларни татиб кўриб, уларга муносиб баҳо берди.

Миллий ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси, миллий удум ва анъаналар намойиши, фольклор-этнографик жамоалар ҳамда ёш санъаткорларнинг чиқишлари, шунингдек, анъанавий халқ ўйинлари ва бошқа маданий дастурлар сайл иштирокчиларига хуш кайфият, байрамона қувонч бағишлади.

Сайл якунида “Энг яхши таом”, “Энг яхши ошпаз” ва “Энг кўп миллий таом тайёрлаган ошпаз” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, диплом, статуэтка ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири