Сифатсиз ва яроқсиз маҳсулотлар савдоси тўхтатилди
Рақобат қўмитаси томонидан ички бозорда истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлаш, сифатсиз ва яроқсиз маҳсулотлар айланмасининг олдини олиш мақсадида мунтазам назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Тошкент шаҳри, Юнусобод туманида яшовчи фуқаро мурожаати асосида ўтказилган ўрганишда “QUDRATILLA BARAKA SAVDO” МЧЖга қарашли дорихонада сотилган “Тромбо АСС” дори воситасининг яроқлилик муддати ўтгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилиб, истеъмолчи томонидан тўланган маблағни қайтариш бўйича қарор қабул қилинди. Шунингдек, қонунбузилишга йўл қўйган масъул шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар судга юборилди.
Наманган вилоятидаги ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган назорат хариди давомида савдо шохобчаларидан олинган ун маҳсулотлари сифати лаборатория таҳлилидан ўтказилди.
Текширув натижасида “Chodak Asl Biznes” МЧЖ томонидан қадоқланган “SANA 777” биринчи навли буғдой уни санитария-гигиеник меъёрларга жавоб бермаслиги маълум бўлди.
Махсус комиссия томонидан ушбу ҳолат “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талабларини бузиш сифатида баҳоланиб, белгиланган тартибда иш қўзғатилди. Қонунбузарлик оқибатида олинган 28,5 млн. сўм маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича мажбурий кўрсатма берилди.
Бундай назорат тадбирлари бозорда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш, энг муҳими — аҳоли саломатлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА