Касб-ҳунар таълими ва Зарафшон дарёси ҳавзасида сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича умумий қиймати 31,7 миллион долларлик 2 лойиҳани амалга ошириш жадаллаштирилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги Бош директори Патриция Данци ўртасида бўлиб ўтган музокарада айтиб ўтилди.
Учрашув давомида Швейцария ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида 2022-2025 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастури доирасида амалдаги икки томонлама молиявий-техник ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари, шунингдек алоқа кўламини кенгайтириш истиқболи муҳокама қилинди.
Швейцария делегацияси раҳбари Ўзбекистон томонидан нисбатан қисқа вақт ичида халқаро ва минтақавий муносабатни чуқурлаштириш, барқарор ривожланишни таъминлашда эришилган ижобий натижаларга юқори баҳо берди.
Марказий Осиё билан 2022-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида Агентлик томонидан 240 миллион доллар ажратилиши эълон қилинди. Томонлар ҳар икки томон учун манфаатли тармоқлар, янги ҳамкорлик дастури доирасида ишлаб чиқиш учун энг истиқболли бўлган лойиҳаларни кўриб чиқдилар.
Тадбир якунида устувор йўналишларда молиявий-техник ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича навбатдаги тадбирлар келишиб олинди.
Г.Сатторова,
ЎзА